Ўзбекистонда яшовчи шахс Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлагани учун АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди

internationalwealth.info сайти фотосурати

1 февраль куни АҚШ Молия вазирлигининг (OFAC) Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Россия ҳарбий-саноат комплексини (ҲСК) қўллаб-қувватлаётганлиги фош этилган 12 компания ва 10 нафар шахсни санкциялар рўйхатига киритди. Жисмоний шахслар орасида Ўзбекистонда яшовчи Макс Пифлакс (Makc Piflaks) ҳам бўлган, унинг фуқаролиги кўрсатилмаган.

Пифлакс 1962 йил 14 июнда туғилган, 2002 йилда ташкил этилган ва Кипрда рўйхатда ўтган Mateas Limited компанияси директори ҳисобланади. Компанияни Александр Вольфович (Кипр, Исроил) назорат қилади ва у ўз навбатида қурол сотувчиси Игорь Зименков (Исроил, Россия) бошчилигидаги тармоқ шериги бўлган.

«Зименков тармоғи» аъзолари Россиянинг мудофаа лойиҳаларида, жумладан, 2022 йил 24 февралда Россия Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлаганидан кейин «Россия компаниясига юқори технологияли қурилмаларни етказиб бериш»да иштирок этган. Тармоқнинг баъзи аъзолари Россия ҳарбий-саноат комплексининг муҳим қисмлари бўлган Россиянинг санкцияланган давлат мудофаа корхоналари «Рособоронэкспорт» ва «Ростех» ни қўллаб-қувватладилар, дея хабар беради АҚШ молия вазирлиги.

Вольфович ва Зименков ҳам ўғиллари билан бирга санкциялар рўйхатига киритилган. Рўйхатдан Маркс Блатс (Латвия), Серена Би Лин (Сингапур), Игорь Пальниченко (Кипр) ва Пифлакснинг ўғли Гилад (Исроил) ҳам жой олган.

«Ўзбекистонда яшовчи Mateas Limited компанияси директори Макс Борисович Пифлакс ва унинг ўғли Гилад Пифлакс Зименков тармоғининг аъзолари ва DES Defense Engineering Solutions LTD ҳамкорлари ҳисобланади. Макс Пифлакс бугунги кунда ЕО 14024 (АҚШ президенти фармони — Executive Order. – «Фарғона» изоҳи) га биноан Mateas Limitedнинг раҳбари, катта ижрочи директори ёки директорлар кенгаши аъзоси ёки бошқарув кенгаши аъзоси бўлгани учун [санкциялар рўйхатига] киритилган. Гилад Пйфлакс ЕО 14024 га кўра турмуш ўртоғи ёки Макс Пифлакснинг вояга етган фарзанди сифатида киритилган», — дейилади АҚШ молия вазирлиги баёнотида.

Mateas Limited қуйидаги компаниялар қатори санкциялар рўйхатига киритилган:

▶️ Asia Trading & Construction PTE LTD (Сингапур);

▶️ DES Defense Engineering Solutions LTD (Исроил);

▶️ Elektrooptika SIA (Латвия);

▶️ GBD LTD (Кипр);

▶️ GMI Global Manufacturing & Integration LTD (Кипр);

▶️ Kliosa LTD (Кипр);

▶️ Pitaron LTD (Кипр);

▶️ Terra-AZ LTD (Кипр);

▶️ Texel FCG Technology LTD (Исроил);

▶️ U-Stone LTD EOOD (Болгария);

▶️ VFC Solutions LTD (Кипр).

«Россиянинг жон бериб АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш учун қўғирчоқлардан фойдаланишга бўлган умидсиз уринишлари жорий этилган санкциялар Путиннинг ҳарбий машинаси бўлмиш Россия ҳарбий-саноат комплекси учун эҳтиёж қисмлар таъминотини қийинлаштираётгани ва қимматга тушираётганини кўрсатади», — дейди АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

Ўтган йил давомида АҚШ молия вазирлиги Россияга қўйилган халқаро санкциялар ва экспорт назоратини четлаб ўтишга қаратилган фаолият билан шуғулланаётган 100 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларни санкциялар рўйхатига киритди. OFAC, шунингдек, санкциялар рўйхатига киритилган Россиянинг Радиоавтоматика компаниясини қўллаб-қувватлаган ҳолда қўлга олинган Ўзбекистоннинг PROMCOMPLEKTLOGISTIC хусусий компаниясини ҳам нишонга олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ