Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов 2017 йили Нью-Йоркда теракт содир этганлик ва саккиз кишини ўлдирганликда айбдор деб топилди. Бу ҳақда NBC New York хабар беради.
Ҳакамлар ҳайъати икки кун давомида жами 6 соат муҳокама қилиб, Соиповни барча 28 модда, жумладан, товламачилик билан қотиллик ва хорижий террорчи ташкилотни қўллаб-қувватлаш бўйича айбдор деган ҳулоса берган.
Ҳакамлар 6 февралга қадар Соиповнинг қатл этилиши ёки умрининг қолган қисмини қамоқда ўтказиши ҳақида қарор қабул қилишга ёрдам берадиган қўшимча далиллар билан танишадилар.
Нашрнинг қайд этишича, Нью-Йорк учун ўлим жазоси камдан-кам учрайдиган ҳолат. Бу штатдаги охирги қатл 1963 йилда амалга оширилган.
Сайфулло Соипов 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2010 йили у Green Card лотереясини ютиб, АҚШга кўчиб ўтади. Танишлар уни диндорликда ажралиб турмайдиган оддий одам сифатида тавсифлашган. АҚШда Соипов оила қуриб, юк машинаси ҳайдовчиси, кейинроқ Uber ҳайдовчиси бўлиб ишга жойлашади.
У қонун билан ҳеч қандай муаммога дуч келмаган, токи 2017 йил 31 октябрда Нью-Йорк марказида ижарага олинган фургонда бир неча ўнлаб одамларни уриб юбормаганунга қадар. Ўшанда саккиз киши ҳалок бўлган, ўндан ортиқ киши жароҳатланган. Соипов бир неча квартални босиб ўтиб, мактаб автобусига бориб урилган. У «Аллоҳ Акбар» дея бақириб фургондан сакраб тушган, шундан сўнг ҳибсга олинган.
Сўроқ пайтида Соипов қилмишидан афсусланмаслигини айтган. У ҳатто террорчилик хуружидан сўнг бироз вақт шифохона ётганида (полициячилар ҳисб пайти уни ярадор қилишган) хонасида «Ислом давлати» террорчилик ташкилоти (ИШИД ёки ISIS, Россияда тақиқланган) байроғини осиб қўйишларини сўраган.
Ўша йил ноябрь ойида Соиповга АҚШ прокуратураси томонидан 22 та модда, жумладан, саккизта қотиллик, 12 та қотилликка уриниш, ИШИДга моддий ёрдам кўрсатишга уриниш, зўравонлик ва автомобилга зарар етказиш бўйича расман айблов эълон қилинган. Кейинчалик, айблов хулосалари сони кўпаяди, улардан тўққизтаси ўлимга ҳукм қилиш имкониятини беради.
2018 йил январида Соиповнинг адвокатлари судга келишувни таклиф қилишган: агар улар уни ўлим жазосига эмас, шартли равишда озод қилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишга рози бўлишса, Соипов ўз айбини тўлиқ тан олиши мумкин. Бироқ, келишув амалга ошмаган ва ўша йилнинг сентябридан федерал прокурорлар Соиповга ўлим жазосини беришни талаб қилишади.