Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорти 2023 йил 1 мартдан бошланиши режалаштирилган. Бу ҳақда 24 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбарлари имзолаган «Йўл харитаси» матни билан танишган Kun.uz мухбири хабар беради.
Журналист ҳукуматдаги манба ёрдамида ҳужжат билан танишишга муваффақ бўлган ва у йўл харитаси Россия томони талабига кўра чоп этилмаслигини тушунтирган.
Уч саҳифалик йўл харитаси 8 та банддан иборат бўлиб, унда Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи «Ўрта Осиё – Марказ» газ қувури орқали бозор нархида табиий газ етказиб бериш учун зарурий техник чоралар акс этган.
«Йўл харитаси»да Ўзбекистон газ узатиш тармоғини Россия компаниясининг мулки ёки бошқарувига ўтказиш бўйича бирор банд ҳам йўқ, деб таъкидлади Kun.uz.
ℹ️ 2022 йил ноябрь ойи охирида Россия раҳбарияти Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи» тузиш ниятида экани маълум бўлди. Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Ўзбекистоннинг айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларида Россия расмийлари Тошкентга Ўзбекистоннинг газ узатиш тизимини «Газпром»га сотишни ва унга Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини беришни таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. «Йўл харитаси»нинг имзоланиши ўзбек жамоатчилигининг хавотирини оширганди.
Бироқ, Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг ишонтиришича, йўл харитаси фақат ички бозорга табиий газни зарур ҳажмда етказиб беришни кўзда тутади – Ўзбекистон газ узатиш тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қолган. «Бунда газ-транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», — дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистонга Россия гази импортининг асосий шартлари ҳали тасдиқланмаган.