Японияда Ўзбекистон киноси кунлари, Ўзбекистонда эса япон киноси кунлари ўтказилади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги раҳбариятининг Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Муxтор Элчиси жаноб Ҳатори Такаши билан ўтказган учрашувидан сўнг маълум қилинди, деб хабар беради агентлик матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида.
Япония кино кунлари жорий йилнинг март ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашувда, шунингдек, қўшма лойиҳалар – хусусан, режиссёр Акбар Бектурдиев томонидан суратга олинган «Сакура ифори» тўлиқ метражли бадиий фильмини суратга олиш ва Япония делегациясининг XV Тошкент халқаро кинофестивалидаги иштироки бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, Япония делегацияси 2022 йили бўлиб ўтган XIV Тошкент кинофестивалида иштирок этган эди. Ўшанда таниқли режиссёр ва актёр Такеши Китано Ўзбекистонга ташриф буюриб, фестиваль доирасида бўлиб ўтган Япония кино кунларида ўзининг «Сонатина» фильмини тақдим этганди.
Хатори Такаши Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги кинематография соҳасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади. Учрашув сўнгида Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти Япония элчихонасига «Ўзбекистон кино санъати» ва «Марказий Осиё маданий мероси Япония музейларида» китоб тўпламларини ҳадя қилди.