Россиялик Ян Непомняшчий ва хитойлик Дин Лижен ўртасидаги шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун ўйин 2023 йил 7 апрелидан 1 майига қадар Остона шаҳрида бўлиб ўтади.
Қозоғистондан ташқари Аргентина ҳам ўйинга мезбонлик қилишга даъво қилган, бироқ FIDE раҳбари Аркадий Дворковичнинг сўзларига кўра, томошабинларга қулайлик яратиш мақсадида танлов Остона фойдасига ҳал қилинган.
«Қозоғистон фойдасига энг муҳим омиллардан бири бу мамлакатнинг ўйинда иштирок этаётган давлатлар ўртасида жойлашганлигидир. Россия ва Хитой ўртасида. Қозоғистоннинг танланиши томошабин ва мухлислар учун қулайлик билан ҳам боғлиқ: вақт ҳақида гапирадиган бўлсак, кўрсатувларни ҳамма бемалол томоша қилади. Аргентина ажойиб мамлакат. Албатта, у ерда йирик шахмат тадбирларини ўтказамиз. Лекин ҳозир биз Қозоғистон ҳамма учун энг яхши вариант деган қарорга келдик», — дейди Дворкович Championat.com нашрига.
Шахмат тожи учун ўйин Қозоғистон ва бутун Марказий Осиёда илк бор ўтказилади.
2014 йилдан буён дунёнинг энг кучли шахматчиси унвони кетма-кет тўртта учрашувда ғалаба қозонган норвегиялик Магнус Карлсенга тегишли. 2021 йили у Непомняшчийга қарши ўйинда чемпионликни ҳимоя қилган, аммо кейинроқ навбатдаги серияда қатнашмасликка қарор қилган. Шу тариқа, Остонадаги чемпионлик учун Мадриддаги номзодлар турнирида мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган Непомняшчий ва Лижен даъвогарлик қилади.
Регламентга кўра, рақиблар классик вақт назорати билан 14 та ўйин ўтказиши, дуранг қайд этилган тақдирда эса тезкор шахмат ёки блиц бўйича тай-брейк ўтказиши керак бўлади. Жангнинг мукофот жамғармаси 2 миллион еврони ташкил қилади, сумманинг 60 фоизи ғолибга, 40 фоизи эса мағлубга берилади.