Ўзбекистонлик 18 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (FIDE рейтингида 30-ўрин) Нидерландиядаги Tata Steel Masters турнирида амалдаги жаҳон чемпиони, сайёрамизнинг энг кучли шахматчиси, норвегиялик Магнус Карлсендан устун келди.
Турнирнинг бешинчи турида шахматчилар ўзаро тўқнаш келишди. Абдусатторов қора доналарда ўйнади ва классик вақт назорати билан ўйинда ғалаба қозониш учун унга олти соатдан кўпроқ вақт керак бўлди. Ушбу муваффақият эвазига Абдусатторов турнирнинг якка пешқадамига айланди.
Иккинчи қаторда голланд шахматчиси Аниш Гири жойлашган. Турнирда кетма-кет иккинчи ўйинда сенсацион тарзда мағлуб бўлган Карлсен ҳамон ўнинчи ўринда бормоқда.
Бундан олдин Абдусатторов 2021 йил декабрь ойида Рапид бўйича жаҳон чемпионатида Карлсенни мағлуб этганди.
2022 йил октябрь ойида Абдусатторов Фишер номидаги жаҳон шахмат чемпионатида учинчи ўрин учун кечган баҳсда Карлсенга тўртта ўйинда мағлуб бўлганди.
Tata Steel Masters турнири 14-29 январь кунлари Вейк-ан-Зее (Нидерландия) шаҳрида бўлиб ўтади. Даврали тизимда ўтаётган мусобақада 14 нафар шахматчи иштирок этмоқда.
2021 йили Нодирбек Абдусатторов рекорд бўйича тарихдаги энг ёш жаҳон чемпионига айланди. 2022 йили Ўзбекистон терма жамоаси таркибида шахмат Олимпиадасида ғолиб чиқди.