Ўзбекистон гидроэлектр станциялари атрофида шамол-қуёш электр станциялари қурилади

Ўзбекистонда гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти. president.uz сайти фотосурати

Ўзбекистондаги гидроэлектр станциялар атрофидаги бўш ерларда шамол ва қуёш энергияси манбалари асосидаги гибрид электр станциялари қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 19 январь куни энергия таъминотини яхшилаш бўйича ўтказган йиғилиш ҳақида маълум қилди.

Тайёр инфратузилма мавжудлиги туфайли шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш харажатлари кам бўлади, деди Президент.

Мирзиёев гидроэнергетика салоҳияти юқори эканини таъкидлаб, унинг қувватини сезиларли даражада ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Шу мақсадда микро ГЭСлар қуриш бўйича 250 та истиқболли майдонлар аниқланган бўлиб, улар ҳисоб-китобларга кўра, йилига 675 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 200 миллион куб метр газни тежаш имконини беради.

Жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати умумий қуввати 197 МВт бўлган еттита иншоот ва ўнта микро ГЭСни ишга туширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, саккизта истиқболли лойиҳани амалга ошириш ва умумий қуввати 438 МВт бўлган 50 та микро ГЭС қуриш ишлари бошланади.

Йиғилишда микро ГЭСларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини харид қилиш нархлари қулайлиги туфайли тадбиркорларнинг гидроэнергетикага қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди. Аввалроқ, тадбиркорлар учун жозибадор харид тарифлари белгиланиши ва ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш кўзда тутилгани хабар қилинган эди. Қуёш, шамол ва микро ГЭСлар томонидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси камида ўн йил давомида давлат томонидан сотиб олиниши кафолатланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон гидроэнергетика саноатида умумий қиймати 500 миллион долларлик 27 лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 260 МВт ишлаб чиқариш қуввати яратилди. «Ўзбекгидроэнерго» тизимидаги станцияларнинг умумий қуввати 2000 МВт дан ошди. Бу йилига 2 миллиард куб метр табиий газ тежалишини англатади.

2021 йил якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг гидроэнергетика салоҳиятининг фақат ярми фойдаланила]тгани ҳақида маълум қилган ва бу ишга хусусий секторни жалб қилган ҳолда тўғон қуришни талаб қилмайдиган кичик ГЭСлар қуриш зарурлигини таъкидлаган эди. 2030 йилга бориб Ўзбекистонда ГЭС қувватини 3416 МВтга ошириш режалаштирилган (2020 йил якунларига кўра бу кўрсатгич 2004 МВт ташкил этганди).