19 март куни Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) га муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтади. Тегишли фармонни республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев имзолади, деб хабар беради Оқорда сайти.
«Еттинчи чақириқ Қозоғистон Республикаси парламенти Мажилисини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қиламан. Қозоғистон Республикаси парламенти Мажилиси депутатларининг муддатидан олдин сайлови 2023 йил 19 мартга тайинлансин», — дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Тўқаев барча даражадаги маслиҳатлар (маҳаллий вакиллик органлари) ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Марказий сайлов комиссиясига навбатдан ташқари маслиҳат депутатлар сайловини тайинлаш, унга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чораларини кўришни топширди.
Фармон эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Тўқаев ўтган йил куздаги мурожаатида 2023 йил биринчи ярмида Мажилис ва маслиҳат сайловларини муддатидан олдин ўтказиш нияти ҳақида гапирган эди. Бундай қарор, унинг сўзларига кўра, «конституциявий ислоҳот мантиғидан келиб чиққан». Эндиликда парламент депутатларининг 70 фоизи партия рўйхати бўйича, 30 фоизи эса бир мандатли округлар бўйича сайланади.
«Аралаш сайлов тизимига кўра, 50 дан 50 гача нисбатда вилоятлар ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар маслиҳатига сайловлар ўтказилади. Вилоятлар аҳамиятига молик шаҳар ва туманлар маслиҳатларига сайловларда эса фуқаролар фақат бир мандатли округлардаги номзодлар учун овоз беради», — дея тушунтирди Қозоғистон президенти.
У Мажилис ва маслиҳатларни шакллантиришнинг янги модели сайловчилар манфаатларини ҳам республика, ҳам ҳудудий миқёсда тўлиқ ҳимоя қилиши, ҳокимият вакиллик органларида кенг фикр-мулоҳазалар билдириш имконини беришини таъкидлади.
Қозоғистонда бугунга қадар етти партия расман рўйхатдан ўтган – булар ҳукмрон Amanat, Қозоғистон «Ақ Жол» демократик партияси, Қозоғистон Халқ партияси, «Ауил» Халқ демократик ватанпарвар партияси, мухолифатдаги Миллий социал-демократик партияси, 18 январда рўйхатдан ўтган «яшиллар»нинг «Байтак» ва Respublica партияси.