USAID агентлиги Самарқандда мигрантлар ва уларнинг оилалари учун маслаҳат маркази очди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати фотосурати

АҚШ Халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) Самарқандда мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари учун ахборот-маслаҳат маркази очди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Марказ одам савдосига қарши курашиш бўйича Самарқанд қуйи комиссияси ва «Истиқлол авлоди» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда очилди. Марказ меҳнат мигрантларини чет элда одам савдоси жабрланувчисига айланишининг олдини олиш учун ахборот билан таъминлайди. Шунингдек, қайтиб келган мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, касб-ҳунар таълимини ташкил қилади ва психологик хизмат кўрсатади.

Бу мигрантлар ва уларнинг оилалари учун USAID томонидан Ўзбекистонда очилган иккинчи ахборот-маслаҳат марказидир. Биринчиси 2022 йил март ойида Жиззахда очилган. Ўшандан буён Жиззах марказига одам савдосининг эҳтимолий жабрдийдалари ва мигрантлар оилаларидан 120 га яқин мурожаатлар келиб тушган ва кўриб чиқилган, 16 нафар жабрдийдаларни ўз ватанига қайтаришда ёрдам кўрсатилган. Қолган мурожаатчиларга марказда маслаҳатлар, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилган.

Мигрантлар учун ресурс марказлари Американинг Winrock International ноҳукумат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган USAIDнинг «Марказий Осиёда хавфсиз миграция дастури»нинг бир қисмидир. Дастур мигрантлар ўртасида хабардорликни ошириш орқали одам савдосининг олдини олиш, қурбонларни ҳимоя қилиш ва хавфсиз миграцияни ривожлантиришга қаратилган.

Аввалроқ Uzbekistan Airways компаниясининг ушбу дастурга қўшилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳамкорлик доирасида Winrock International вакиллари 2023 йилнинг биринчи чорагида Uzbekistan Airways авиакомпанияси стюардессалари ва ердаги ходимлари учун бир қатор тренинглар ўтказади. Уларга хавфсиз миграция соҳасидаги ўрни, белгилари, эксплуатация қурбонларини аниқлаш йўллари ва одам савдосига қарши кураш чоралари ҳақида сўзлаб берилади.