Олмаоталик депутатлар шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида хорижликлар учун 5 фоизлик туристик йиғим ставкасини тасдиқлади, деб хабар беради Казинформ.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Алишер Абдиқодиров йиғилишдаги маърузасида шаҳар ва туманлардаги ётоқхоналар, меҳмон уйлари, ижарага бериладиган уй-жойлар бундан мустасно, турар-жойларда бўлган ҳар бир кун учун туристик йиғим ундирилишини ва у яшаш нархини ўз ичига олмаслигини айтди.
Шунингдек, у агар чет эллик сайёҳлар сони йил давомида 12 фоиздан кўпроққа ошган бўлса, ставка жорий этилишини таъкидлади. Айни пайтда, 2021 йили олти ойда Олмаота шаҳрига 54 минг, 2022 йили эса худди шу даврда 151 минг, яъни 2,8 баробар (ёки 179 фоиз) кўп хорижлик келган, шу сабабли тўлов жорий этилган. Маҳаллий ҳокимият прогнозларига кўра, 2023 йили шаҳарга 400 мингдан ортиқ хорижлик ташриф буюради, сайёҳлик тўловидан тушадиган даромад эса 2 миллиард 342 миллион тенгени (5 миллион доллардан ортиқ) ташкил қилади. Бу маблағлар туризмни ривожлантиришга йўналтирилади.
Ҳукумат маълумотларига кўра, айни пайтда Олмаотада 269 та меҳмонхона мавжуд: улардан саккизтаси беш юлдузли, 17 таси тўрт юлдузли, олтитаси уч юлдузли, 238 таси тоифасиз. Шаҳар меҳмонхоналарида бир кеча-кундузнинг ўртача нархи 29 280 тенге (63 доллар).
Тўлов киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси «Открытые НПА» («Очиқ норматив ҳуқуқий акт») веб-сайтида ўтган йил декабрь ойида эълон қилинган. Унда хорижлик сайёҳлар ўзлари тўхтаган меҳмонхоналарда пул тўлаши айтилган. Мезбонлар, ўз навбатида, меҳмонларни туристик солиқ тўғрисида огоҳлантириши ва жўнаб кетаётганда тўловни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.
Аввалроқ Остона, Конаев, Талдиқўрғон ва Олмаота вилоятида 5 фоизлик сайёҳлик йиғими қабул қилинган эди. Шунга ўхшаш имконият Петропавловскда кўриб чиқилди, аммо охир-оқибат улар бу фикрдан воз кечдилар.