Қозоғистон Бош прокуратураси ўз ҳамкасбларини оммавий равишда ўлдиришда айбланган чегарачи Владислав Челахнинг шикоятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асет Чиндалиев маълум қилди, деб хабар беради Inbusiness.kz.
«Унинг шикояти кўриб чиқилмоқда. Натижаларга асосланиб, биз унга жавоб берамиз. Ҳозирча ҳеч қандай тергов бўлмади», — деди у Мажилис биносида. Чиндалиев, агар Челах истаса, буни ўзи айтишини таъкидлаб, шикоят моҳиятини ошкор қилмади.
Бундан олдин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган чегарачининг онаси Elmedia нашрига Бош прокурор вакили ўғлини кўргани ва уни икки кун давомида сўроқ қилганини маълум қилган. «У (Владислав Челах — таҳр.) ундан исталган нарсаларни айтиб берган, мазкур ишда иштирок этган барча шахсларнинг исмларини айтган ҳамда ўзи билмаган шахсларнинг ташқи кўринишини тасвирлаб берган», — дейди нашр суҳбатдоши.
Челах иши постсовет Қозоғистон тарихидаги энг шов-шувли воқеалардан бирига айланди. 2012 йил 31 май куни Қозоғистон-Хитой чегарасидаги олис тоғли ҳудудда ёниб кетган «Арканкерген» («Тоғли») вақтинчалик чегара постида 14 нафар чегарачи ва маҳаллий овчининг жасади топилган. Ўша пайтда президент бўлган Нурсултон Назарбоев ҳодисани теракт деб атаган ва мамлакатда бир кунлик миллий мотам эълон қилинганди. 5 июнь куни заставада тирик қолган ягона чегарачи, ғорда яширинган 19 ёшли муддатли ҳарбий хизматчи Владислав Челах қўлга олинган. У оммавий қотилликда айбланган.
Жиноят мотиви, прокуратурага кўра, «ички можаролар ва тушунарсиз ҳолат — онгнинг хиралашуви бўлган».
Аввалига оддий аскар жасади яқин орада топилган 14 нафар ҳамкасби ва овчининг ўлдирилганини тан олади. Бироқ, кейинроқ Челах ўз кўрсатмасидан воз кечиб, постга номаълум шахслар томонидан ҳужум қилинганини айтади. Суд мажлисларининг бирида чегарачи, шунингдек, МХҚ подполковниги «ҳақиқий жиноятчиларни чўчитиб юбормаслик» учун унга қотилликларни тан олишни маслаҳат берганини айтади.
Челахнинг адвокати Серик Сарсенов (узоқ давом этган касалликдан сўнг 2018 йилда вафот этган) постда нотаниш шахсларнинг жасади топилганини иддао қилган. Ҳужумнинг муқобил версияси ҳам мухолифат матбуоти томонидан илгари сурилган. Жумладан, Guljan нашри ўз веб-сайтида иш материалларининг бир қисмини жойлаштирган, унга кўра марҳум овчининг танасида калтакланганликка доир кўплаб суяк синишлари ва кўкаришлар топилган. Ва пост ҳудудида бир нечта автоматдан отилган гильзалар сочилиб ётган, гарчи сўроқ пайтида Челах битта қуролдан ўқ узганлигини даъво қилган бўлсада.
Ушбу номувофиқликлар ва гувоҳларнинг деярли йўқлигига қарамай, 2012 йил декабрь ойида Толдиқўрғон суди Челахни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Кейинги мурожаатлар ҳеч қандай натижа бермаган.
2013 йил 5 мартдан бери Челах умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Житикара шаҳридаги «Қора Беркут» норасмий номи билан танилган 161/3 колониясида сақланмоқда.
Ўтган йил охирида маҳкум ўз ишини қайта кўриб чиқишни илтимос қилиб, президент Қосим-Жомарт Тўқаевга мурожаат қилган.