Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қишки мавсумга қониқарсиз тайёргарлик кўрилгани учун лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда 16 январь куни аҳолини қиш мавсумида энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.
«Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон ''сводка'' билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда мамлакатда юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Масалан, Тошкент шаҳридаги барча даражадаги раҳбарлар қишки совуққа тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди. Хусусан, Президент қуйидаги масалалардан норозилигини билдирди:
👉 пойтахтнинг бош режаси ҳали тасдиқланмаган;
👉 ноқонуний қурилган объектлар сони 250 тадан ошган;
👉 қурилишга рухсатномалар беришда мавжуд инфратузилмага тушадиган юкламанинг аниқ ҳисоб-китоби амалга оширилмайган;
👉Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг музлаши ва нархларнинг ошишига қарши чоралар кўрилмаган.
Буларнинг барчаси биргаликда Ортиқхўжаевнинг истеъфога чиқишига ва пойтахнинг учта тумани ҳокимларининг ишдан олинишига олиб келди: Юнусобод (Баҳодир Абдувалиев), Мирзо Улуғбек (Шавкатбек Иргашев), Учтепа (Фарход Абдуллаев). Учаласининг ҳам лавозими пастлаб ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмонов ҳам лавозимидан айрилди.
Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га юқоридаги раҳбарларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.
Ортиқхўжаевнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
ℹ️ Бахтиёр Раҳмонов 1959 йили Тошкент вилоятида туғилган. 1996 йили Киев муҳандислик-қурилиш институтини, 2000 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 2008-2011 йилларда Тошкент шаҳрининг Миробод тумани ҳокими, 2017 йил апрель ойида Сергели тумани ҳокими, 2018 йил май ойида эса Ўзбекистон пойтахтининг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланган. 2021 йил январь ойида Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари бўлди.