Прокуратура Нукус иши бўйича икки асосий айбланувчига 18 ва 11 йил қамоқ жазосини сўради

Лолагул Каллиханова. Ўзбекистон Олий суди матюуот хизмати фотосурати

Нукусда июль ойида юз берган тартибсизликлар бўйича суд жараёнида прокуратура журналист ва блогер Даулетмурат Тожимуратовга 18 йил, Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллихановага 11 йил жазо сўраган. Бу ҳақда Қорақалпоғистондаги воқеаларни мустақил текшириш бўйича парламент комиссияси маълум қилди.

Давлат айбловчиси иш бўйича 18 нафар айбланувчини 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум этишни, яна икки нафарига эса 3 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўраган.

Айбланувчиларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг жами 11 моддаси бўйича айблов қўйилган. Жумладан, 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»), 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 164 («Босқинчилик») ва бошқалар.

28 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида Нукус воқеалари бўйича суд жараёни бошланди. Айбланувчи сифатида жами 171 киши жалб этилган. Бугунги кунда судда 22 киши бор. Шу билан бирга, ишнинг алоҳида процессга бўлинган қисми бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, судланувчилар 39 нафар бўлиб, уларнинг барчаси ҳибсда.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан (596 минг доллардан ортиқ) ортиқ суммани ташкил этган.