Қозоғистонда биринчи президент ҳақидаги қонун ўз кучини йўқотди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Конституциявий суди «Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбаси тўғрисида»ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топди. Тегишли қарор Республика Конституциявий суди сайтида эълон қилинди.

Бир неча кун аввал бир гуруҳ депутатлар суддан «Биринчи Президент тўғрисида»ги конституциявий қонунни унинг (биринчи Президент) мақоми ва ваколатларини тартибга солувчи нормалар чиқариб ташланганлиги сабабли ўз кучини йўқотган деб топиш керакми, деган саволга жавоб беришни сўрашганди.

«Қозоғистон халқининг 2022 йил 5 июндаги республика референдумида билдирилган Конституциядан 46-модданинг 4-банди ва бошқа нормаларни чиқариб ташлаш тўғрисидаги хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, «Қозоғистон Республикасининг Биринчи ПрезидентиЭлбаси тўғрисида»ги конституциявий қонунни Қозоғистон Республикасининг амалдаги қонунида сақлаб қолиш учун қонуний асослар йўқлиги эътироф этилсин ва шу сабаб у ўз кучини йўқотган деб топилиши керак», — дейилади Конституциявий суд қарорида.

Бундан ташқари, Конституциявий суд судялари «ушбу конституциявий қонуннинг амалдаги қонунчиликда сақланиши Қозоғистон Республикаси Конституциясининг янгиланган таҳририга мос келмайди» деб ҳисоблади.

2000 йили «Биринчи Президент тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Элбаси унвонига эга Нурсултон Назарбоев алоҳида мавқега эга бўлган – биринчи президентни ушлаш, ҳибсга олиш, тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоблари дахлсизлигини кафолатлаган. Уларнинг барчаси умрбод хавфсизлик, алоқа, транспорт ва бошқа имтиёзлар билан таъминланган.

Қозоғистон депутатлари ушбу қонунни бекор қилиш ниятини ўтган йил баҳорида, амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Конституцияни кенг кўламли ислоҳ қилиш ҳақида эълон қилганидан сўнг маълум қилишди.

5 июнь куни мамлакатда асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Ўзгартиришлардан бири Назарбоевнинг мақоми ва ваколатлари ҳақидаги модданинг, шунингдек, президентликка кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланишга имкон берувчи банднинг олиб ташланиши бўлди. Бундан ташқари, Назарбоевнинг миллат етакчиси мақомининг ўзгармаслиги тўғрисидаги норма чиқариб ташланди.

Ўзгартиришларни овоз берганларнинг 77,18 фоизи қўллаб-қувватлади.

Декабрь ойида Қозоғистон парламентининг икки палатаси депутатлари 2023 йил бошидаги қўшма йиғилишда биринчи президент ҳақидаги қонунни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши маълум бўлганди.