Навоийдаги шамол электр станцияси лойиҳаси Марказий Осиёда йилнинг энг яхши битими деб топилди

ИССВ матбуот хизмати фотосурати

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси Марказий Осиёда йилнинг энг яхши битими сифатида PFI Awards мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

ℹ️ PFI (Project Finance International) Awards мукофоти лойиҳаларни молиялаштириш соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири бўлиб, саноатнинг ўзига хос «Оскар»идир. Ҳар йили Европа, АҚШ, Осиё, Африка ва Яқин Шарқдаги энг яхши лойиҳаларни молиялаштириш шартномалари учун тақдирланади.

«Ушбу мукофот Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбаларини кенг миқёсда жорий этиш бўйича мақсадларини амалга оширишда барча иштирокчилар – Masdar, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда лойиҳа кредиторлари томонидан амалга оширилган улкан ишлар, катта меҳнат ва қатъиятлиликдан далолат беради», — дейилади ИССВ хабарида.

Зарафшон шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси БААнинг Masdar компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон билан инвестиция шартномаси 2020 йил 8 июнь куни имзоланган. Ҳужжатга кўра, Masdar шамол электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни таъминлайди. Лойиҳа 600 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади. 1300 киши иш билан таъминланади — қурилиш босқичида ҳам, шамол электр станциясининг кейинги фаолияти давомида ҳам.

Зарафшондаги мазкур станция 2024 йил охиригача тижорат мақсадларида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

«Электр станцияси ишга туширилгач, йилига 545 миллион куб метр табиий газ тежалади ва карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириб, йилига 500 минг хонадоннинг истеъмолига тенг бўлган 1,6 mlrd.kVt/soat электр ишлаб чиқаришни таъминлайди», — дея таъкидлайди вазирлик.

Masdar Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станциясини барпо этган компаниядир. У Навоий вилояти Карманин туманида қурилган ва 2021 йил 27 августда ишга туширилган. Станциянинг қуввати 100 МВт.

2023 йил охирига қадар Masdar Ўзбекистонда яна учта ФЭСни ишга туширади: Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт бўлган электр станцияси, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита станция қурилади.

2022 йил декабрь ойида Masdar Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди, унинг 2024 йил охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.