Хитойнинг Шимоли-ғарбий политехника университети (NPU) олимлари лазер манбаси ёрдамида узоқ вақт парвоз қила оладиган дрон яратилаётганини маълум қилишди. Бу ҳақда South China Morning Post (SCMP) хабар берди.
Профессор Ли Сюэлун ва унинг NPU даги ҳамкасблари дронни ёруғлик энергиясини электр энергиясига айлантира оладиган ва дронларни масофадан туриб зарядловчи модул билан жиҳозлашни таклиф қилишди, бу эса уларга ҳавода жудаям узоқ вақт қолиш имконини беради.
Тадқиқот гуруҳи учта тажриба синовини ўтказганини айтди: ёпиқ синов парвози ва очиқ ҳавода кундузи ва тунги парвозлар. Дронлар барча сценарийларда муваффақиятли ишлаган.
Жамоа мазкур тизимнинг диапазони ва фотоэлектрга айланиш самарадорлиги ҳақида тафсилотларни ошкор қилишмади, чунки бу маълумотлар ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин. Олимларнинг ҳисоботида тақдим этилган анимацион иллюстрация «лазер» двигатели ёрдамида дрон осмонўпар бино баландлигига кўтарилиши мумкинлигини кўрсатади.
Дронлар ҳарбий соҳа, қишлоқ хўжалиги ва тижорат мақсадларида кенг қўлланилади. Агар уларнинг чидамлилигидаги чекловлар енгиб ўтилса, дронлар дунё учун кўплаб янги имкониятларни очади, дейди олимлар. Улар «мангу учадиган» дронлардан йўл ҳаракати назорати, хавфсизлик патруллари, офатдан қутқариш, контактсиз логистика ва ҳоказоларда кенг қўлланилишини кутишмоқда.