Собиқ UFC чемпиони, мураббий ва бизнесмен Ҳабиб Нурмагомедов ММАдаги фаолиятини бутунлай тугатишга қарор қилди. Бу ҳақда спортчининг Instagramдаги фан-саҳифасида (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) хабар қилинган.
«Ҳабиб ММА индустриясини бутунлай тарк этмоқда. Бу мураббийлик карьераси ва ММА билан боғлиқ барча нарсаларга тегишли. Сабаби Ҳабибнинг ўз оиласига вақт ажратиш истаги билан боғлиқ», — дейилади Нурмагомедовнинг ўзи кейинчалик қайта жойлаштирган постида.
Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида аввалроқ спортчи ўз жамоаси суратини қуйидаги изоҳ билан жойлаган эди: «Менинг қарорим фақат фойда келтиради деган умиддаман, барчангизни маҳкам қучоқлаб қоламан. Раҳмат, сиз менинг спортдаги муваффақиятларимга катта сабаб бўлдингиз».
Championat.com хабарига кўра, Ҳабиб аралаш яккакурашлар бўйича фаолиятини тўлиқ якунлаган – жангчи сифатидаги фаолиятидан сўнг у мураббийлик ва профессионал спорт билан боғлиқ барча ишларни якунлаган. «Кўриниб турибдики, бу унинг Eagle FC лигасига ҳам тегишли», — деб ёзади ОАВ.
Ҳабиб Нурмагомедов — енгил вазнда UFCининг енгилмас чемпиони (30 ғалаба, 0 мағлубият), аралаш яккакураш устаси. 2020 йил октябрь ойида, отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов вафотидан бир неча ой ўтгач, у жанг фаолиятини якунлаганини эълон қилди ва шогирди Хавер Мендезни жамоада тарбиялай бошлади. Нурмагомедов бошчилигида Ислом Махачев UFC чемпионлик камарини қўлга киритди, Усмон Нурмагомедов Bellator чемпионига айланди. Бугунги кунда Ҳабиб бизнес, жамоат ишлари билан шуғулланади ва семинарлар ўтказади.