Эронда ҳукуматга қарши намойишлар чоғида ҳукуматпараст «Басиж» ҳарбийлашган гуруҳ аъзосини ўлдиришда айбланган икки киши маҳаллий суд томонидан қатл этилди. Бу ҳақда Эрон расмийлари баёнотига таяниб, «Ал-Жазира» телеканали хабар берди.
Муҳаммад Меҳди Карами (Mohammad Mehdi Karami) ва Муҳаммад Ҳусайний (Mohammad Hosseini) 7 январь куни эрталаб, мамлакат Олий суди томонидан уларнинг ҳукми ўз кучида қолдирилганидан бир неча кун ўтиб дорга осилган.
Карами ва Ҳусайний ўтган йил 3 ноябрида Теҳрон ғарбидаги Караж шаҳрида ҳукуматга қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтаётган пайтда «Басиж» аъзоси Руҳоллоҳ Ажамиянни (Ruhollah Ajamian) ўлдиришда айбдор деб топилган эди.
Ўша куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда шаҳарнинг асосий магистрал йўли норози оломон томонидан тўсиб қўйилгани, Ажамян «Басиж» кийимида қимирламай ерда ётганини кўриш мумкин.
Адлия маълумотларига кўра, унинг ўлимига алоқадорликда 16 киши ҳибсга олинган, асосий гумондорлар Карами ва Ҳусайний бўлган.
Суд органлари суд мажлисларидаги видеолавҳаларни кўрсатишди, унда Карами Ажамянни тош билан урганини, Ҳусайний эса уни пичоқ билан бир неча марта урганини айтади. Ажамян қотиллиги иши бўйича асосий гумондорлар воқеадан бир ҳафта ўтиб ҳибсга олинди ва тўққиз кундан кейин айблов эълон қилинди. Суд мажлислари бир ой ўтмасдан бўлиб ўтди.
«Ал-Жазира» маълумотларига кўра, 7 январь куни ижрпо этилган ўлим жазоси Эронда ҳукуматга қарши намойишлар учун қатл этилганларнинг умумий сонини тўрттага етказди.
Улардан икки нафари 23 ёшли Моҳсен Шекари (Mohsen Shekari) ва Мажидриза Раҳнавард (Majidreza Rahnavard) декабрь ойида норозилик билан боғлиқ ишларда қатл этилганди, улар Машҳадда қурилиш кранига омма олдида осилган эди. Улар моҳаребеҳ (moharebeh) ёки «Худога қарши уруш олиб борганлик»да айбланган.
Эслатиб ўтамиз, Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ўтган йил сентябрь ўрталарида бошланган эди. Бунга сабаб 22 ёшли Маҳса Амини исмли қизнинг ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг вафот этгани бўлганди (Ислом Республикасида барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Курдистон вилоятида яшовчи Амини 13 сентябрь куни Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан бир неча соат ўтиб кома ҳолатига тушиб қолган. Тез орада у вафот этади. Ҳибсга олинган гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблади. Полиция қизнинг ўлимини бахтсиз ҳодиса дея изоҳлаган.
Намойишлар дастлаб Аминининг она шаҳри Сакезда 17 сентябрь дафн маросимидан кейин бошланган. Кейинчалик улар Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалган. Ноябрь ойининг охирига келиб, йирик шаҳарларда норозилик намойишлари анча пасайган. Айни пайтда Эронда вазият нисбатан тинч, намойишчилар ҳижоб кийиш мажбурий эканини бекор қилишга, ахлоқ полиция патруллари сонини бир неча бор камайтиришга эриша олдилар.