Эрон шахмат федерацияси Олмаотада ўтказилган тезкор ва блиц шахмати бўйича жаҳон чемпионатида ҳижобсиз иштирок этган эронлик Сара Хадемдан воз кечди. Бу ҳақда Arab News Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси назоратидаги Fars ахборот агентлигига таяниб хабар берди.
«Хадем чемпионатга Эрон федерацияси орқали эмас, мустақил, ўз ҳисобидан борган. У мамлакатимиз вакили эмас», — дея Ислом Республикаси шахмат федерацияси раҳбари Ҳасан Таминининг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.
Сара Хадемнинг ҳижобсиз чиқишлари ҳақида аввалроқ турнирда иштирок этган Reuters журналисти хабар берганди. Бу Эроннинг аёллар кийиниш қоидаларини тартибга солувчи қонунларга зид эканлиги аниқ эди.
1997 йилда туғилган Хадем Сарасадат Хадемалшариеҳ номи билан ҳам танилган. Халқаро шахмат федерацияси сайти маълумотларига кўра, у жаҳон рейтингида 804-ўринни эгаллаб турибди. 25—30 декабрь кунлари Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган турнирда у рапид ва блиц бўйича мусобақалар иштирокчиси деб эълон қилинди.
Шу билан бирга, Sky News телеканали Олмаотадаги жаҳон чемпионатида Сара Хадемдан ташқари яна бир эронлик шахматчи Атуса Пуркашьян ҳам ҳижобсиз иштирок этганини хабар қилди. Бу спортчиларнинг ҳеч бири ҳозирча ўз ҳаракатларига изоҳ бермаган.
Улар Ислом Республикасида сентябрь ойи ўрталаридан бери давом этаётган норозилик намойишларига бирдамлик сифатида ҳижобларини ечган бўлишлари мумкин. Намойишларга миллати курд бўлган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлганди. Қиз Теҳроннинг ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айблаб, ҳибсга олинганидан кейин вафот этганди. Гувоҳларнинг айтишича, Амини хавфсизлик кучларининг шафқатсизларча ҳаракатларидан вафот этган. Полиция эса унинг ўлимини бахтсиз ҳодиса деб изоҳлаган.