Ўзбекистонда Док-1 Макс препаратини қабул қилган яна бир бола вафот этди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти прокуратураси хабар берди.
Ўлган бола бир ярим ёшга ҳам тўлмаган. У Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшаган. Беш кун давомида болани Док-1 Макс сиропи билан даволашади, бу эса бола аҳволини жиддий ёмонлаштиради. 27 декабрь куни у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалига ётқизилган, бироқ эртаси куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси («Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш») билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида 18 нафар бола Док-1 Макс препаратини қабул қилиш оқибатида вафот этганди. Уларнинг барчаси Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар марказидага ётқизилган ва шу ер вафот этган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мамлакатда тарқатилаётган Док-1 Макс сиропи партиясида этиленгликоль топилган. «Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради», — дейилади вазирлик хабарида.
Мамлакатда препарат қўллаш тақиқланди, Док-1 Макс таблетка ва сироплари сотувдан чиқарилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари Док-1 Макс препаратини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотни вазирликдан яширганини маълум қилди.
7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, дори воситасини Ўзбекистонга рўйхатдан ўтказиш, олиб кириш ва сотиш билан шуғулланган бир неча шахс ҳибсга олинган. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 186-3-модда билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.