Марҳум шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг синглиси Клара Сахарова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни акасига нисбатан уйдирма ишда иштирок этганларни жазолашга чақирди. Бу ҳақда AsiaTerra хабар беради.
Жумладан, Клара Сахарова Кубатинни қоралаб ёзган муаллифни ва акасининг айбдорлигини тасдиқловчи сохта далилларни уюштирган ва кейинчалик қамалишига сабаб бўлган шахсларни тортмоқчи.
«Мен Бош прокуратурадан, Ҳарбий прокуратурадан, Зангиота прокуратурасидан, Омбудсмандан, Сенатдан, Адвокатлар палатасидан, ҳарбий судлардан жавоблар оламан ва ҳамма жойда бирор кимсани жавобгарликка тортиш, жиноий иш қўзғатиш учун ҳеч қандай асос йўқ, деб ёзадилар.
Унда акам нима учун қамалганини тушунтириб беринглар? Нега уни жазоладилар? Нега бунга ҳеч ким жавобгар эмас? <...> Нега уни жазосиз қийноққа солишган? Нега ҳозир Термиз шаҳридаги Шарқшунослик университетида ишлаётган Жониев Музаффар акамга туҳмат қилган бўлса-да, ислом фанидан дарс бериб юрибди — нега у жазоланмаяпти? Нотўғри экспертиза ўтказган, ҳозир вазирликда ишлаётган Юсупов Сухроб нега жазоланмайди? Бу олимни ўлдиргани, шаъни ва қадр-қимматини камситгани, оиласи қийналаётгани учун бу мукофотми – Ўзбекистонда шундай мукофотлар борми?», — деб сўрайди Андрей Кубатиннинг синглиси.
«Ҳеч ким жазоланмайди, -деб давом етади аёл. — Унга 11 йил берган [судя] Шакиров Умид ҳам, ҳеч нарса қилмаган ва 17 йил беришади деб акамни қўрқитган адвокат Шарипов Шаҳзод ҳам, акамни калтаклаган Абдуллаев Дониёр, Бекжон (ҳужжатларда унинг исми бор) ҳам жазоланмади, мутлақо ҳеч ким. Ишни сохталаштиришга ёрдам берган туман ИИБ ходими Абдуллаевдан бошлаб чексиз одамларни санаб ўтишим мумкин. Ҳаммаси бу ишда иштирок этишган, лекин ҳеч ким қонун олдида жавоб бермади», — деб таъкидлайди Сахарова.
36 ёшли Андрей Кубатин 2017 йили Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси («Давлатга хиёнат») бўйича судланган. У 11 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинроқ жазо беш йилга қисқартирилган. Тергов маълумотларига кўра, у нодир китобларнинг сканерланган нусхаларини хорижлик олимга берган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу иш уюштирилганини таъкидлайди. 2019 йил сентябрь ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг қарори билан олим реабилитация қилинган эди.
Кубатин ҳибсда бўлганида уни бир неча бор қийноққа солишган. У Клара Сахаровага «ковид» касалхонасида бўлганида — ўлимидан икки кун олдин тафсилотларини айтиб берган. Олим 2020 йил 29 октябрда вафот этди, унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлди. У 36 ёшда эди.
Андрей Кубатин тириклигида Ўзбекистон Ҳарбий судига 560 миллион сўм (53 минг доллар) миқдоридаги моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 2020 йил 10 декабрь куни унинг синглиси суд қарорини почта орқали олади, унга кўра компенсация миқдори 462 минг сўмни (44 АҚШ доллари) ташкил этган, шундан 446 минги давлат божи, 16 минги почта тўлови учун кетган. 2021 йил сентябрида апелляция суди Кубатинлар оиласига товон пули миқдорини 150 миллион сўмга (14 минг доллар) оширган.