Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида жойлашган Термиз шаҳрида 27 декабрь куни Халқаро савдо маркази (ХСМ) иш бошлади. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.
Марказда тўрт минг дўкон, тиббиёт пункти, ресторан, ишлаб чиқариш ва логистика зоналари мавжуд. ХСМнинг айрим ҳудудлари ишлаётган бўлса, қолганлари 2023 йилнинг биринчи уч ойида ишлай бошлайди. Кейин марказга Афғонистон фуқароларига визасиз ташриф буюришга рухсат берилади, улар бу ерда ўн кунгача қолишлари мумкин.
«Ушбу йирик лойиҳага камида 75 миллион доллар сармоя киритилди, бу Афғонистон ва Ўзбекистон савдогарлари учун катта имкониятлар яратди, – дейди «Термиз» ХСМ раҳбари Бахтиёр Розиоф (Bakhtiar Roziof, фамилияси хато бўлса керак).
ХСМ — Термиз эркин иқтисодий зонасини (ЭИЗ) қисқартириш натижасида ташкил этилган эркин савдо зонаси. Марказни ташкил этиш тўғрисидаги фармон Ўзбекистон Президенти томонидан 2020 йил ноябрь ойида имзоланган.
Ҳужжатда Афғонистон ҳудудидан ХСМга кириш ва «Термиз-Автойўл» назорат-ўтказиш пунктида қайтиб чиқиш учун махсус техник воситалар билан жиҳозланган алоҳида ўтиш йўли ташкил этиш кўзда тутилган.
Марказ ҳудудида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари, электрон тижорат порталлари ташкил этилган. «Ягона дарча» тамойили бўйича мижозларга кенг кўламли хизматлар – божхона, солиқ, сертификатлаштириш, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк ва бошқа хизматлар кўрсатилади. Ўзбекистонликларнинг чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сотаётган товарлари ва кўрсатаётган хизматлари, шунингдек Афғонистон ҳудудига олиб кетилаётган товарлар экспортга тенглаштирилади.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, марказнинг тўлиқ қувват билан ишга туширилиши Ўзбекистон-Афғонистон товар айирбошлаш ҳажмини 2021 йилги 647 миллион доллардан йилига 1,2 миллиард долларгача оширади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойидан буён Термиз шаҳрида Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидан икки километр узоқликда инсонпарварлик ёрдами кўрсатувчи халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби – Termez Cargo Centre — фаолият кўрсатмоқда.