Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 26 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди.
35 ёшли Кушербаев фаол муносабат билдирувчи ва мамлакат аҳолисини ўйлантираётган долзарб масалаларни кўтарувчи кам сонли депутатлардан бири сифатида танилган. У 23 декабрь куни депутатликдан кетиш ниятида эканини маълум қилди.
«Мен бундай ишлай олмайман. Мен бундай йўл тутаётганимдан афсусдаман», — деб ёзади у.
Бунгача у бу йил 2023 йилги давлат бюджети муҳокамасида қатнашмаганини aйтди.
«Бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмадим. Катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга ҳам етарли вақт берилмади. 1-ўқишда ялпида сўз сўрасам зам спикер У.Иноятов очиқчасига сўз бермади. Сўнг мажлисдан чиқиб кетдим ва кирмадим.
Депутатларни оғзини ёпадиган замларни боридан йўғи яхши», — деб ёзади Кушербаев Twitterда.
Gazeta.uz хабарига кўра, ҳукумат 15 октябргача Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентга киритилиши керак эди, бироқ ҳужжатни топшириш икки ойга кечиккан. Қонунчилик палатасида муҳокамага уч соатдан камроқ вақт ажратилган. 19 декабрда лойиҳа биринчи ўқишдаёқ маъқулланди, 22 декабрда у иккинчи ва учинчи ўқишда – деярли бир овоздан, муҳокамасиз қабул қилинди.