«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукуматининг Олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надим (Neda Mohammad Nadim) афғон университетларида талаба қизларнинг таълим олиши тўхтатилганининг тўртта сабабини айтиб ўтди. TOLOnews унинг сўзларидан иқтибос келтиради.
Надим шундай дейди:
👉 талаба қизлар кўпинча ҳижоб ўраш талабига риоя қилишмаган;
👉 вилоятлардан келган қизлар эркаклар ҳамроҳлигисиз ётоқхонани айланиб юришган;
👉 эркаклар билан бирга ўқишган;
👉 хотин-қизлар ислом шариатига зид ва афғонларнинг қадр-қимматини камситувчи мутахассисликларга ўқишган. Булар, масалан, машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ соҳалар.
Халқаро ҳамжамиятнинг университетларда хотин-қизларнинг таълим олиши тақиқланишига муносабатини изоҳлар экан, Надим Афғонистон ички ишларига аралашмаслик кераклигини айтди.
«Толибон» радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган. Ҳозирча ҳеч ким томонидан тан олинмаган янги ҳокимият мамлакатни Ислом Амирлиги деб атаб, аёллар ва қизларга турли чекловлар қўя бошлади.
Сентябрь ойи ўрталаридаёқ Хотин-қизлар ишлари вазирлиги Исломий қадриятларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигига айлантирилди. Толиблар аёлларнинг ишга боришини ва умуман, эркак қариндошлари ҳамроҳлигисиз уйларини тарк этишларини тақиқладилар. Спортчи аёллар спорт билан шуғулланишни тўхтатишмаса, уларга нисбатан куч ишлатитилиши билан таҳдид қилинди. «Толибон» барча ёшдаги қизлар учун мактабларни ёпди, кейинроқ бошланғич синфдаги қизларнинг ўқишига рухсат берди. Аёллар ҳижобда юришга мажбур этилди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).