Қозоғистоннинг собиқ президенти томонидан ташкил этилган «Назарбоев фонди» АҚШ судида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш марказига (OCCRP) қарши берилган даъво аризасини қайтариб олди, деб хабар беради «Власть.кз».
Даъво сентябрь ойи охирида Мериленд штати судига топширилганди. Иш моҳиятан кўриб чиқишгача етиб бормаган, томонлар фақат ёзма изоҳлар алмашишга муваффақ бўлишган, дейди OCCRPдагилар нашрга. Бироқ, даъвони қайтариб олиш келажакда уни қайта топширишмаслигини англатмайди.
Бунга OCCRPнинг «Власть» ва Қирғизистоннинг Kloop нашрлари билан биргаликда Қозоғистоннинг собиқ президенти томонидан ташкил этилган жамғармалар фаолияти юзасидан олиб борилган кенг кўламли суриштирув ишлари сабаб бўлди. 2022 йил 19 январдаги мақолада айтилишича, фондлар ёрдамида Назарбоев маҳаллий таълим лойиҳаларини молиялаштириш учун мўлжалланган миллиардлаб долларларни тўлиқ назорат қилади.
Даъвогар нашрда туҳмат борлигини таъкидлаб, уни тузатишни, шунингдек, 100 000 АҚШ доллари миқдорида товон тўлашни талаб қилган.Ўз навбатида, Journalism Development Network (OCCRP бошқаради) ижрочи директори Дрю Салливанга кўра, Қозоғистон жамғармасининг даъвоси ҳеч қандай асосга эга эмас ва текширувчи журналистлар ўз версияларига содиқ қолишади.
«Назарбоев фонди» Лондонда жойлашган Журналистика тергов бюроси, Британиянинг OpenDemocracy ва The Telegraph нашрларига нисбатан туҳмат борасида худди шундай даъво аризасини берганди. Даъвода назарда тутилган мақолада Jusan компанияси, «Назарбоев фонди», Назарбоевнинг ўзи ва унинг оила аъзолари ўртасидаги молиявий алоқалар ҳақида сўз юритилган. Даъвогарнинг адвокатлари уларда ҳам нотўғри ва туҳмат қилувчи маълумотлар борлигини таъкидлашган.