Тимур Бекмамбетов Россиядаги Bazelevs киностудиясини ходимларга сотди

Тимур Бекмамбетов. Kino-teatr.ru сайти фотосурати

Режиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов Россиядаги Bazelevs киностудиясини бош продюсер Лала Рустамова ва киностудия тижорат директори Тимур Асадовга сотиб юборди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Битим тижорат шартларида амалга оширилган, сумма ошкор этилмаган. 2023 йил бошида киностудия ребрендинг (мутлоқ қайта ўзгариш-тарж.изоҳи)ни кутмоқда.

«Ушбу битимни таъминлаган пуллар 2022 йилдаги бутун даромадимиздир: биринчи навбатда, «Ёлка 9» ва бошқа фильмлар прокатидан тушган тўловлар, VOD-платформаларида контент ва телевидение ҳуқуқларини сотуви», — деди Рустамова.

Бекмамбетов 1994 йили Bazelevs компаниясига асос солган. 2004 йили кинокомпания Сергей Лукьяненконинг «Тунги назорат» романи фильмига мослаштирилган фильмини суратга олди. Фильм йилнинг энг кўп даромад келтирган фильмига айланди ва кассада 26 миллион доллар йиғди. Компания «Ёлки» ва «Горко!» фильмлар киносериясини ҳам яратган.

2006 йилдан Вazelevs Лос-Анжелесда ваколатхонага эга, у алоҳида компания бўлиб, Бекмамбетовда қолади.

Компания иштирокида Голливуднинг «ўта хавфли», «Президент Линкольн: Вампирлар овчиси» ва «Хардкор» фильмлари яратилди.

Таъкидлаш жоиз, Bazelevs сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон кинокомпаниялари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. «Қирқ-қиз» картинаси, «Хўжа Насриддин» мультфильми каби қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Bazelevs Ўзбекистон ва Қозоғистонда анимация мактабларини очади, кейинчалик улар тўлиқ ҳуқуқли студияларга айланиши керак.

Рустамованинг сўзларига кўра, Бекмамбетов Россия бизнесини бутунлай тарк этган, ҳозирда у студия билан «Хўжа Насриддин» анимацион фильмининг ёлланма режиссёри ва сценарий муаллифи сифатида фаолият юритмоқда.

Тимур Бекмамбетов — россиялик кинорежиссёр, сценарийчи, продюсер ва клип режиссёри. У 1961 йили Гурьевда (ҳозирги Атирау, Қозоғистон) туғилган. 1987 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини театр ва кино рассоми мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин у Москвага кўчиб ўтади ва у ерда биринчи марта реклама роликларини суратга олади ва бир мунча вақт ўтгач, тўлиқ метражли фильмлар ярата бошлайди. «Тунги назорат» ва «Кундузги назорат» ленталари унга машҳурлик келтирди. 2005 йили Бекмамбетов Голливудга таклиф қилинди, у Fox кинокомпанияларининг бир қатор лойиҳаларида иштирок этмоқда.