Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари 3 миллиард доллардан ортиқ шартнома имзоладилар

ИТСВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

21 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форумида умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган битимлар имзоланди, деб хабар қилади Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати.

Форум Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда 400 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирок этди. Делегацияларга Бош вазир ўринбосарлари: ИТСВ раҳбари Жамшид Хўжаев ва Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин бошчилик қилди.

Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан ортиқ ўсиб, 5 миллиард долларга яқинлашганини таъкидладилар. Томонлар бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказишни режалаштирган, бунинг учун яқин келажакда ташқи савдо инфратузилмаси яратилади.

Форум якунлари бўйича Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Битим, «Йўл харитаси» алоҳида инвестиция лойиҳалари ва қишлоқ хўжалиги соҳасида, шунингдек 3 миллиард АҚШ доллари миқдоридан ортиқ қийматга эга келишувлар имзоланди. Жумладан, Uznews.uz хабарига кўра:

▶️ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва агросаноат комплекси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури (1,3 миллиард доллардан ортиқ);

▶️ Chevrolet автомобиль тўпламлари ва бутловчи қисмларни етказиб бериш бўйича келишув (500 млн доллар);

▶️ Остонада керамик плиткалар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини бошлаш бўйича келишув (40 млн доллар) ва бошқалар.

Ўзбекистонда сўнгги беш йилда Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар сони беш баравар кўпайди – қарийб 1200 тага етди. Қозоғистон ва Ўзбекистон умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ 30 дан ортиқ қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал Нур-Султонда (ҳозирги Остона) бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форумида ва Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг 4-йиғилишида 5,9 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди.