Хотин-қизларнинг таълим олишини тақиқлаш уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишдир ва бу Афғонистон келажагини ҳатарли оқибатларга олиб келади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатни назорат қилувчи «Толибон»* раликал ҳаракатининг хотин-қизларни университетларда ўқиш имкониятидан маҳрум қилиш қарорига шундай муносабат билдирди.
20 декабрь куни TOLOnews нашри Афғонистон Олий таълим вазирлигининг буйруғини эълон қилди, унга кўра, мамлакатдаги барча хусусий ва давлат университетлари талаба қизларнинг таълим олишини имкон қадар тезроқ тўхтатиши керак.
Бу талаб жаҳон ҳамжамиятини зудлик билан муносабат билдиришга ундади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш буни толибларнинг навбатдаги «бузилган ваъдаси» ва «жуда хавотирли» ҳаракат деб атади.
«Мамлакат аёлларнинг фаол иштирокисиз ва таълимсиз ривожланишини, барча муаммоларни ҳал этишини тасаввур қилиш қийин», — дея Гутерриш сўзларини келтиради AP.
БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбаева талаба қизларнинг ўқишини тўхтатиш қарорини «ҳалокатли» деб атади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен «толиблар халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинишини бутунлай орқага сурди», деди.
«Толибларнинг хотин-қизларни университетда таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қароридан қаттиқ хавотирдаман. Афғон аёллари , Афғонистон бундан-да яхшироқ нарсаларга лойиқдир», — дейди Блинкен.
Давлат департаменти бюллетенида айтилишича, Қўшма Штатлар аёлларнинг олий ўқув юртларига киришига асоссиз тақиқ қўйилганини, қизлар мактабларининг ёпилишини ва аёллар ҳуқуқларига қўйилган бошқа чекловларни қоралайди.
«Толибон бутун Афғонистон халқи ҳуқуқларини ҳурмат қилмагунча халқаро ҳамжамиятнинг қонуний аъзоси бўлишига умид қилмаса ҳам бўлади. Бу қарор толибларни яхши оқибатларга олиб келмайди», — дейди Давлат департаменти.
АҚШнинг Афғонистондаги ярашув бўйича собиқ махсус вакили Залмай Ҳалилзод таъкидлаганидек, Ислом ва Афғонистон тарихида бундай даҳшатли қарорни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ.
«Афғонистондаги ва бутун дунёдаги таниқли ислом уламолари аёллар ва эркаклар учун таълим олиш асосий исломий тамойил эканлигини таъкидлайди», — дейди Халилзод. У «бунга қарши чиқаётган толиблар ва бошқа афғон етакчиларини мазкур қарор бекор қилиниши ва қизлар учун ўрта мактаб ва университетлар очиши учун қўлдан келган барча ишни қилишга» чақирди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тақиқдан хавотир билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги бу қарор Афғонистоннинг инсон ҳуқуқлари, тараққиёти ва иқтисодиётига жиддий таъсир қилишидан огоҳлантирди ва «Толибон»дан буни Ислом тамойиллари асосида қайта кўриб чиқишни сўради.
60 га яқин давлатни, шу жумладан, Марказий Осиё давлатларини бирлаштирувчи Ислом ҳамкорлик ташкилоти талаба қизларнинг университетда таълим олишининг тўхтатилиши Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати обрўсига жиддий путур етказиши, шунингдек, афғон хотин-қизларининг таълим олиш, ишлаш ва ижтимоий адолатдан баҳра олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишини таъкидлади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).