2022 йили Ўзбекистон аҳолиси ўтган йилларга қараганда кўпроқ саёҳат қила бошлади. Халқаро ҳаво қатновларини брон қилиш уч баравар ошган, АҚШ, Жанубий Корея ва Таиланд халқаро йўналишлар рўйхатига қўшилган. Бу ҳақда Aviasales.uz хабар беради.
Жорий йилнинг энг яхши йўналишлари қуйидаги давлатлар бўлган: Россия, Туркия, Қозоғистон, БАА, Жанубий Корея, АҚШ, Таиланд.
2022 йили буюртмалар сони бўйича етакчи шаҳарлар қаторига Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Тошкент, Қозон, Новосибирск, Сеул, Дубай, Екатеринбург, Олмаота кирган.
Машҳур халқаро йўналишларга чипталарнинг ўртача нархи ўтган йилги 3,57 миллион сўмдан (318 доллар) жорий йилда 3,72 миллион сўмга (332 доллар) ошган.
Ўзбекистонликлар 2023 йили саёҳат қилиш учун кўп чипта сотиб оладиган давлатлар рўйхатига Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон, Таиланд ва Малайзия киради. Улар, шунингдек, АҚШ ва Жанубий Корея шаҳарларига таклифлар билан қизиқишмоқда.
2022 йили Ўзбекистон бўйлаб саёҳатчилар сони етти баравар кўпайган.
Маҳаллий йўналишлар орасида Тошкент, Урганч, Бухоро, Самарқанд, Нукус биринчи ўринда туради. Ички йўналишлар бўйича ўртача чек 14 фоизга ошган – 2021 йилдаги 310 минг сўмдан (27 доллар) жорий йилда 360 минг сўмга (32 доллар) етган.
«Бу йил биз Ўзбекистонда туризм соҳаси коронавирус чекловларидан кейин тўлиқ тикланганини кўряпмиз. Пандемия даври сайёҳларнинг хоҳиш-истакларига таъсирини ўтказди – энди ўзбекистонликлар мамлакат ичида саёҳат қила бошладилар. Халқаро йўналишларга келсак, бу йил ниҳоят бир йил аввал бориш қийин бўлган машҳур йўналишлар бўйлаб сайр қилиш имконли бўлди, сайёҳларга қулай йил бўлди. 2023 йил учун саёҳатлар ҳозирдан банд қилинмоқда», — дейди Aviasales.uz раҳбари Руслан Байгануров.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ички туризмни ривожлантиришни фаол рағбатлантирмоқда. Мамлакатда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» дастури мавжуд. Иш берувчилар жамоа шартномаларига ходимларга йилига бир марта республика бўйлаб саёҳат қилиш имкониятини яратишга мажбур бўлди. Саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Жорий йилнинг 1 сентябридан маҳаллий сайёҳлар учун кешбек жорий этилди — мамлакат бўйлаб саёҳат харажатларининг бир қисми қайтарилади. Ўзбекистонликларга авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизи, шунингдек, меҳмонхонада жойлашиш нархи, музейлар ва бошқа маданият объектларига чипталар нархининг 50 фоизи қайтарилади. Барча уч шартни бажарган Ўзбекистон резидентлари туристик кешбек олишлари мумкин: ҳаво, темир йўл ва (ёки) автомобил транспортидан фойдаланиш, меҳмонхоналарда ёки бошқа турдаги жойлаштириш воситаларида қолиш, музейлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларига ташриф буюриш учун.
«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури ишга туширилгач, мамлакат бўйлаб сайёҳларнинг умумий сони 2016 йилги 8,8 миллиондан 2019 йилда 14,7 миллионга, 2021 йили эса 15 миллионга етди.