Мирзиёев: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди, бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Ўзбекистон парламенти ва халқига йиллик Мурожаатномаси чоғида маълум қилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 2018 йили ялпи ички маҳсулот 52 миллиард долларни ташкил этганини, 2021 йили Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 734,6 триллион сўмга (66 миллиард доллардан ортиқ) етганини таъкидлади.

Бу натижага жаҳонда рўй бераётган пандемия, қарама-қаршиликлар, чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозларга қарамай, халқимизнинг қаҳрамонона меҳнати туфайли эришилди, деди Ўзбекистон Президенти.

Мирзиёев ўз нутқи давомида яна бир қатор ютуқларни қайд этди:

👉 жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди;

👉 экспорт 19 миллиард долларга етди (2018 йили 14 миллиард доллар эди);

👉 Илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори яшаш минимумидан паст бўлмаган даражага келтирилди (эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда энг кам пенсия ва нафақалар миқдори 500 минг сўм (44,6 доллар), яшаш минимуми 498 минг сўмни ташкил этади);

👉 Сўнгги олти йил ичида Ўзбекистонда 300 мингга яқин уй-жой қурилди, бу аввалги шу даврга нисбатан ўн баробар кўпдир.

2023 йили Ўзбекистон ҳукумати 30 миллиард долларга яқин сармоя жалб қилишни режалаштирган, шундан 25 миллиард доллари хусусий инвестиция бўлади.

8 миллиард долларлик 300 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилади, яна 40 та янги йирик лойиҳа, жумладан, Олмалиқда мис эритиш заводи қурилиши ишга туширилади.

Экспорт 2023 йили биринчи марта 23 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Бир кун аввал ўтказилган йиғилишда келгуси йилда саноатни 5,1 фоизга, қишлоқ хўжалигини 3,5 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳасини 14,1 фоизга ошириш вазифаси қўйилди. Аниқланган захиралар ҳисобига саноат ишлаб чиқаришини 12 триллион сўмга (1 миллиард доллардан ортиқ) ошириш имконияти кўрсатилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш учун 10 триллион сўм (900 миллион долларга яқин) йўналтирилади. Иқтисодиётга банклар орқали 200 триллион сўм (18 миллиард доллар) кредит маблағларини юбориш режалаштирилган.

Ҳудудий экспорт ҳажмини 60 фоизга ошириш ва қарийб 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.Саноатнинг электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика каби тармоқларида экспорт ҳажми 50 – 60 фоизга ўсиши керак.