Олмаотадаги «Евроосиё» кинофестивалида икки нафар ўзбекистонлик режиссёр тақдирланди

Қамара Камилова ва Али Ҳамроев. Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати фотосурати

12-18 декабрь кунлари Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган XVI Евроосиё кинофестивалида ўзбек кинематографиясининг икки вакили тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати Telegram-каналида хабар берди.

«Марказий Осиё кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун» мукофоти Али Ҳамроевга, «Ҳеч қаёққа олиб бормас йўл» фильми учун ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига Қамара Комилова топширилди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов «Евроосиё фестиваллар ҳаракатини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун» фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Кинофестивал доирасида Агентлик раҳбари Қозоғистон киноси вакиллари, жумладан, Маданият ва спорт вазири ўринбосари Нуркис Дауешов, Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Есетжан Косубаев ва Қозоғистондаги энг йирик кинотармоқ «Кинопарк» раҳбари Ерлан Бухарбаев билан учрашди.

ВГИКнинг Тошкент филиали ва мамлакатдаги энг йирик нодавлат олий ўқув юрти бўлган ва Кино, телевидение академиясини ўз ичига олган «Турон» Олма-Ота университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатда талабаларнинг қўшма картиналарини яратиш, ўқув дастурлари ва курслари, конференциялар, маҳорат дарслари, форумлар, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини ўтказиш, шунингдек, дипломларни ўзаро тан олиш кўзда тутилган.

Евроосиё халқаро кинофестивалига 1998 йилда асос солинган. У дастлаб Олма-Отада бўлиб ўтган, 2018 йили кинофестиваль Остонага кўчирилган, аммо 2022 йили яна Қозоғистоннинг собиқ пойтахтига қайтган. Кинофестивал «Шарқ-Ғарб» маданий кўприги сифатида танилган. 2012 йили Британиянинг International Film Guide нашри «Евросиё»ни жаҳоннинг 35 етакчи кинофестиваллари рўйхатига киритган.

Турли йилларда Ким Ки Дук, Кетрин Денев, Кшиштоф Занусси, Изабел Аджани, Моҳсен Махмалбаф, Софи Марсо, Эмир Кустурица, Жаклин Биссет, Шарль Азнавур, Сигурни Уивер, Тео Анжелопулос, Орнелло Мути, Жон Малкович, Настасья Кински, Жереми Айронс, Барбара Брилска, Стивен Сигал, Пьер Ричард, Жерар Депардье, Эммануель Беарт, Чак Расселл, Николас Кейж ва бошқалар фестивалнинг фахрий меҳмони бўлган.