Жаҳон банки дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи банкнинг махсус молиявий воситаси бўлган ривожланиш сиёсати амалиёти доирасида Ўзбекистонга жами 950 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда ЖБ матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекистон ҳукумати хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиётни барпо этиш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқароларга иқтисодий ўсиш афзалликларидан фойдаланиши учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган стратегик ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватланади», — дейилади хабарда.
Молиявий пакетга 470 миллион долларлик имтиёзли кредитлар ва 480 миллион долларлик паст фоизли кредитлар киради. Маблағ ЖБ тасарруфига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт тараққиёт банки (ХТТБ) томонидан берилади. ХТА учта кредит, ХТТБ — 12 йилдан 34 йилгача бўлган паст фоиз ставкалари билан битта кредит беради.
Маблағлар ислоҳотлар ва чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади, жумладан:
👉 Фуқароларни, шу жумладан, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича янги Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
👉 Хотин-қизларга нисбатан иш жойларида камситишни камайтириш мақсадида хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш («туғруқ») учун давлат тўловлари миқдорини кенгайтириш.
👉 кичик бизнес субъектларининг молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида молиявий хизматлар бозорида нобанк кредит ташкилотлари сонини кўпайтириш ва улар кўрсатаётган хизматлар даражасини ошириш.
👉 ишбилармонлик муҳитини ва хусусий секторни ривожлантириш шартларини яхшилаш мақсадида давлат корхоналарини хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловга лаёқатсизлигини тартибга солиш соҳасида янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш.
👉 барча иштирокчилар учун рақобат муҳитини яратиш мақсадида мобил телекоммуникация бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.
👉 Давлат корхоналарининг молиявий фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва уларнинг молиявий интизомини яхшилаш.
Банк глобал иқтисодий ноаниқлик кучайиб бораётгани, халқаро молия бозорларида капиталга етишнинг қийин шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия ресурсларига жаҳон нархлари ошиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон давлат бюджетига молиявий ёрдам кўрсатилишини қайд этди.
«Дунё, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотларга қатъий интилишини намойиш этмоқда. Жаҳон банкининг жорий фаолияти Ўзбекистонга 2017 йилдан бери инклюзив бозор иқтисодиётини қуриш учун кўрсатилаётган кенг кўламли молиявий ва техник ёрдамимизга асосланади. Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг кейинги беш йилга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади», — дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова.
ℹ️ 2022 йил 16 декабрь ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги Давлат дастурига бир қатор муҳим йўналишлар бўйича 27 та лойиҳа киритилган, жумладан, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув таъминоти ва канализация хизматлари, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси, инновациялар, солиқ маъмуриятчилиги, мамлакатнинг статистика ва молия тизими ва бошқалар. Жаҳон банки, шунингдек, ҳукуматга COVID-19 пандемиясининг аҳоли саломатлиги, иқтисодиёт ва фуқаролар фаровонлигига таъсирини юмшатишда ёрдам беришда давом этмоқда.