Ўзбекистон илк бор Европага Ўрта коридор орқали юк жўнатди

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Ўрта коридор орқали Европага биринчи контейнер поездини жўнатди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Юкларни ташиш «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ томонидан ташкил этилди. Поезд Олмалиқ кон-металлургия комбинати (АГМК) маҳсулоти бўлган мис концентрати солинган 46 вагон ва 91 йигирма футлик контейнердан иборат.

Поезд 16 декабрь куни Сергелидан жўнаб кетди. У Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон-Грузия-Болгария/Европа йўналиши бўйлаб 4000 км дан ортиқ масофани босиб ўтиши керак бўлади.

Юк ташишни амалга оширишда уч давлатдан ҳамкорлар — ТЛЦТ ОАЖ (Туркманистон), ADY Container LLC (Озарбайжон) ва GR Logistics and Terminals (Грузия) иштирок этган.

Ўрта коридор Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) нинг яна бир номланишидир. У Хитой-Қозоғистон чегарасидан Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали ва ундан кейин Европа давлатларига ўтади. Юкларни ташишда темир йўл ва денгиз транспортидан (Каспий денгизи сувлари орқали) фойдаланилади. Йўналиш узунлиги 11 минг км, ўтказиш қобилияти йилига 4,5 миллион тоннадан 27 миллион тоннагача. ТХТЙ 2017 йилда иш бошлаган.

ТХТЙ халқаро ассоциацияси 8 мамлакатдан 20 дан ортиқ магистрал инфратузилма эгалари ва ташувчиларни бирлаштиради. Булар Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Хитой, Польша, Руминия, Украина ва Туркиядир. 2021 йил ёзида Ўзбекистон лойиҳада аъзо сифатида қўшилиш қарорини эълон қилди. Уюшманинг бош қароргоҳи Остона шаҳрида жойлашган.