Masdar компанияси Ўзбекистонда қуёш электр станциясини қуриш бўйича навбатдаги тендерда ғолиб чиқди

energynews.pro сайти фотосурати

Masdar компанияси (БАА) Бухоро вилоятида қуввати 250 МВт бўлган фотоэлектр (қуёш) станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тендер 2021 йил сентябрь ойида эълон қилинган. Ташкилотчилар инвесторларга умумий қуввати 500 МВтгача бўлган учта қуёш электр станциясини – Наманган (150 МВт), Бухоро (250 МВт) ва Хоразм (100 МВт) вилоятларида электр станцияларини қуришни таклиф қилди. Тендер натижалари 15 декабрь куни якунланди.

Masdar компанияси Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга лойиҳани қуриш ва унда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бир киловатт-соати учун 3,044 АҚШ сенти миқдорида таклифи билан ғолиб бўлди.

«Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда биринчи марта қуввати 62 МВтлик Энергия сақлаш батареяси билан амалга оширилади», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Voltalia компанияси (Франция) Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга лойиҳа учун ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 2,888 АҚШ сентида етказиб бериш таклифи билан ғолиб деб топилди.

GD Power – Powerchina консорциуми (Хитой) Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга лойиҳа учунунда ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 4,828 АҚШ сентида етказиб бериш таклифи билан ғолибликни қўлга киритди.

Электр станциялари 2024 йил охиригача фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ғолиб бўлган инвесторлар 25 йил давомида ФЭСни лойиҳалаш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

ℹ️ Masdar компанияси Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр станциясини барпо этган. У Навоий вилояти Кармана туманида қурилган ва 2021 йил 27 августда ишга туширилган. Унинг қуввати 100 МВт.

2023 йил охирига қадар Masdar Ўзбекистонда яна учта ФЭСни ишга туширади: Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт бўлган электр станцияси, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита станция қурилади.