Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нурудинов 109 килограмм вазн тоифасида 2022 йилги жаҳон чемпионати олтин медалини қўлга киритди.
Нурудинов зап кўтариш (177 кг) ва силтаб кўтаришда (220 кг) энг яхши натижага эришди. Икки машқ йиғиндисида спортчи 397 кг натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади. Шу тариқа Нурудинов учта кичик ва катта олтин медални қўлга киритди.
Нурудинов 2013 йили 105 кг вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган эди.
Ўзбекистон учун Нурудиновнинг муваффақияти ягона эмас. Бунга қадар 87 кг вазн тоифасидаги Турсуной Жабборова кичик кумуш ва бронза, шунингдек, йирик бронза медалларини қўлга киритган эди.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари спортчилари ҳам совринли ўринларни қўлга киритдилар.
Қозоғистон ғазнасини Нургис Адилетули 96 кг вазнда катта ва кичик кумуш медал, Алексей Чуркин (73 кг) иккита кичик ва катта бронза, Артем Антропов (102 кг) кичик олтин медал, Арли Чонтей ( 55 кг) кичик кумуш медал билан бойитди.
Туркманистонлик оғир атлетикачи Режепбай Режепов (81 кг) кичик олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди.
Қирғизистонлик Бекдулот Расулбеков (102 кг) кичик бронза медалига сазовор бўлди.
Руслан Нурудинов — 2016 йилги Олимпиада чемпиони, 2012 йилги Олимпиадада тўртинчи ўринни эгаллаган. Жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ва уч карра Осиё чемпиони.
2018 йил декабрида Нурудинов 2012 йилги Олимпиада ўйинлари вақтида ноқонуний препаратларни истеъмол қилганликда айбланган эди. 2019 йилнинг май ойида Спорт арбитраж суди уни айбдор деб топди. Халқаро оғир атлетика федерацияси 2012 йил учун натижаларни бекор қилиш ва спортчини 2018 йил декабрь ойидан бошлаб икки йилга дисквалификация қилишга қарор қилганди. Шу тариқа, спортчининг дисквалификацияси 2020 йилнинг декабрида якунига етди.