Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли рекорд даражада қайд этилган, мамлакатда чекловлар жорий этилди

kegoc.kz сайти фотосурати

Жорий йилнинг декабрь ойида Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ошган. Электр тармоқларини бошқариш миллий оператори KEGOC тақчиллик фонида чекловлар жорий этишга мажбур. Бу ҳақда унинг 15 декабрдаги пресс-релизида айтилади.

Ҳисоботда айтилишича, 2022 йил 7 декабрда Қозоғистон энергетика тизимининг бутун тарихидаги илк бор максимал истеъмол қайд этилган — 16 459 МВт, мамлакат электр станцияларининг умумий қуввати эса 15 203 МВтни ташкил этади.

Камомад Россия энергетика тизимидан режадан ташқари оқимлар ҳисобига қопланган.

«Электр энергияси ва энергияга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ишлаб чиқаришнинг мунтазам танқислиги Қозоғистон Республикасидаги электр станцияларида тез-тез авария содир бўлиши ва режадан ташқари таъмирлаш ишлари олиб борилиши натижасида юзага келади.

Муҳим номутаносибликлар шароитида, Қозоғистон ягона электр тизимининг ишончли ишлашини таъминлаш учун тизим оператори Қозоғистон энергетика тизимининг Шимолий, Жанубий, шунингдек Ғарбий зоналарида йирик саноат корхоналари томонидан электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этилган ҳолда, «Авария» режимини эълон қилишга мажбур»,— дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, ушбу чекловлар аҳоли эҳтиёжларига таъсир қилмайди, зеро одамлар масаласи «приоритет» ҳисобланади.

Қозоғистонда электр тақчиллиги биринчи бор кузатилиши эмас. 2021 йили бундай ҳолат ноқонуний криптовалюта кончилари фаолияти туфайли юзага келганди.