Японлар Фарғонада 60 миллион долларга клиника ва тиббиёт университети очади

Ўзбекистон делегацияси Японияда. fergana.uz сайти фотосурати

Фарғона вилояти тадбиркорлари Япониянинг AOIKAI Medical Corporation компанияси билан 60 миллион долларлик шартнома имзолади, унга кўра Фарғона шаҳрида халқаро клиника ва тиббиёт университети очилади. Японлар ёрдамчи ходимларни тайёрлаш маркази учун яна 3 миллион доллар сарфлайди, деб хабар беради Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайти.

Битимлар вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг Японияга амалий ташрифи доирасида имзоланди. Делегация аъзолари Япониянинг Чиба ва Осака префектуралари раҳбарияти ҳамда маҳаллий корхоналар билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон вакиллари Япония Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган ҳудудлараро бизнес-форумда иштирок этди.

Фарғоналик ишбилармонлар AOIKAI Medical Corporation билан тузилган шартномадан ташқари Shogun меҳмонхона мажмуасини қуриш учун Micado Development компанияси билан 15 миллион долларлик инвестиция шартномасини имзоладилар.

Sansho билан қайта ишлаш саноатида яна 3 миллион долларлик шартнома имзоланди. Лойиҳа доирасида чиқиндиларни саралаш ва қадоқлаш линиясини ташкил этиш, келгусида уларни қайта ишлаш ва улардан энергия олишни ташкил этиш режалаштирилган.

Sanctuary Co. Ltd компанияси Фарғона вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг дронлар ёрдамида мониторингини ташкил этиш учун 500 минг доллар сармоя киритади.

Томонлар навбатдаги бизнес-форумни 2023 йилнинг иккинчи чорагида Фарғона шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.