Остонада президент Қосим-Жомарт Тўқаев инаугурацияси куни митинг уюштирган қозоғистонлик тадбиркор Марат Абиев икки ойга ҳибсга олинди. Бундай чора 12 декабрь куни Қозоғистон пойтахтининг Ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди томонидан танланди, деб ёзади Vlast.kz.
Тадбиркорга қайси модда бўйича айблов қўйилгани айтилмаган.
26 ноябрь, сайланган президентнинг инаугурацияси куни Абиев Коргалжин шоссеси ҳудудида «Думан» кўнгилочар мажмуаси яқинида ҳокимлик рухсатисиз митинг уюштирган ва полициянинг қонуний талабларига бўйсунмаган. Хабар қилинишича, тадбиркор тунги клубда 300 га яқин одамни тўплаган ва уларни «шахсий қонунга зид мақсадларда» юришга чақирган. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 18 киши ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган.
27 ноябрь куни Остона маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Абиевни икки эпизод (рухсатсиз митинг ташкил қилиш ва полиция буйруғига бўйсунмаслик) бўйича айбдор деб топиб, 15 суткалик маъмурий қамоққа олиш жазосини белгилаган, бу бир неча кун аввал тугаши керак эди.
Марат Абиев ҳозир 33 ёшда. У қозоғистонлик тадбиркор, «Қозоқ орзуси» китоби муаллифи, Forbes Kazakhstan журналига кўра, энг ёш миллионер ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги ва қувур ишлаб чиқариш билан боғлиқ бизнес лойиҳаларни бошқаради. Турли интервьюларда Абиев бир неча бор «ҳомийсиз» ишлаётганини айтган, аммо Қозоғистоннинг бир қатор оммавий ахборот воситалари, хусусан, Orda.kz уни биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг қариндошлари билан боғлайди.