Қозоғистон Хитой ва Эрон йўналишида нефть экспорти маршрутларини ривожлантириш ниятида. Бу ҳақда республика Энергетика вазири Болат Оқчулаков маълум қилди, дея хабар беради Inbusiness.kz.
Вазирнинг таъкидлашича, бундай чора нефть экспортининг муқобил йўналишларини ривожлантиришга доир «Йўл харитаси» лойиҳасида мавжуд.
«Шундай қилиб, асосий эътибор Озарбайжон, Грузия ва Туркия портлари йўналиши бўйича Транскаспий халқаро транспорт йўналишини, шунингдек, Хитой ва Эронга экспорт йўналишларини ривожлантиришга қаратилади», — деди Акчулаков.
Бугунги кунда Қозоғистон ўз нефтининг қарийб 80 фоизини Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) орқали Қора денгиздаги Россия портига экспорт қилиш учун юборади. Ўтган ёзда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳозирги геосиёсий вазият билан боғлиқ ҳолда нефть етказиб беришни диверсификация қилишга чақирган эди. Ўшандан бери республика хомашёни Россия Федерациясини четлаб ўтиб экспорт қилиш масаласини бир неча бор кўтарди.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда Қозоғистон ХХРга нефть етказиб бермоқда – бу Хитойга экспорт бўйича учта йирик позициядан бири ҳисобланади. 2021 йил охирида Қозоғистон Хитойга 1,9 миллиард долларлик хом нефть ва нефт маҳсулотларини экспорт қилган (республика бир йилда 31,1 миллиард долларлик нефть экспорт қилганига қарамай). Эронга келсак, аввалроқ Қозоғистон SWAP схемаси бўйича Ислом Республикасига нефть жўнатган: ёқилғи Қозоғистоннинг Актау портидан Эроннинг шимолий портларига танкерлар орқали етказилган, у ердан эса Эроннинг Табриз ва Теҳрондаги нефтни қайта ишлаш заводларига жўнаган. Ўз навбатида Эрон ҳам худди шундай миқдордаги нефтни Форс кўрфазидаги танкерларга юклаган.
Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва ундан кейин Европа мамлакатларига ўтади. Аслида, бу лойиҳа Хитойдан Европага товарларни етказиб бериш учун Россия Транс-Сибир темир йўлига муқобилдир. Қозоғистон томони таъкидлаганидек, ушбу йўналиш бўйича йилига 10 миллион тоннагача юк, жумладан, 200 мингтагача контейнер ташиш мумкин.