Қирғизистон ҳукумати БМТдан ҳаво ифлосланишига қарши кураш учун 6,7 миллиард доллар сўради

БИШКЕК ШАҲРИНИ ҚОПЛАГАН ТУТУН, 2022 ЙИЛ 10 ДЕКАБРЬ. «ФАРҒОНА» ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги ҳаво ифлосланиши муаммосини ҳал қилиш учун БМТдан 6,7 миллиард доллар грант сўрамоқда. Бу ҳақда парламентнинг Аграр сиёсат, сув ресурслари, экология ва минтақавий ривожланиш қўмитаси йиғилишида бўлим бошлиғи Динара Қутманова маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

«Бизга муқобил энергия манбаларини (иссиқлик насослари, Канада қудуғи ва иситишнинг қўшимча гибрид шаклиуй хўжаликларида қуёш панелларидан фаол фойдаланиш) кенгроқ жорий қилиш керак. Бу соҳаларда лойиҳалар ишлаб чиқилган. 6 миллиард 700 миллион долларлик грант ёрдами сўраб мурожаат қилдик», — деди Қутманова.

Унинг сўзларига кўра, Яшил иқлим жамғармасига бундай маблағ учун аризани кўриб чиқиш учун уч йил кетади, бироқ Қирғизистон ҳукумати бу масалани тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.

Айни пайтда, Қутманова айтганидек, жорий йилда Қирғизистон Молия вазирлиги мамлакат экологиясини муҳофаза қилиш учун бир сўм ҳам ажратмаган.

«Албатта, грантлар яхши. Иқлим ва экология жуда яхши молиялаштирилади. Бироқ, шу билан бирга, халқаро фондларни яратишда халқаро институтлар доимо ички ҳиссани талаб қилади. Бу механизм ишламагунча, мен учун халқаро платформада иқлим бўйича кун тартибига содиқлигимизни исботлаш қийин бўлади»,деб тушунтирди Динара Қутманова.

ℹ️ Яшил иқлим жамғармаси — бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси томонидан ривожланаётган мамлакатларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун яратилган янги глобал фонддир.

11 декабрь куни Бишкек World Air Qualityнинг ҳавоси ифлосланган дунёнинг энг йирик шаҳарлари рейтингида яна биринчи ўринни эгаллади. Қирғизистон пойтахти ҳавоси «жуда носоғлом» деб таърифланган. 13 декабрь куни тушдан кейин Қирғизистон пойтахти фақатгина Дакка (Бангладеш)га ютқазиб, рейтингда иккинчи ўринни эгаллади.

Ноябрь ойи охирида ЮНИCEФ «Бишкекда ҳаво ифлосланишининг аёллар ва болалар ҳаётининг саломатлиги ва ижтимоий жиҳатларига таъсири» тадқиқотини тақдим этди. Унда айтилишича, 2021 йил 1 июлдан 2022 йил 30 июнгача ҳаво ифлосланишининг соғлиққа таъсири 112 кишининг ўлимига сабаб бўлган ва 3568 йил ногиронлик келтириб чиқариши мумкин бўлган умр йўқотилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ