Қозоғистон Энергетика вазири: «Биз газ иттифоқи бўйича ҳеч қандай музокара ўтказганимиз йўқ»

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Россия ва Ўзбекистон билан газ иттифоқи тузиш масаласини муҳокама қилмаган. Бу ҳақда республика Энергетика вазири Болат Ақчулаков Atameken Business телеканалига маълум қилди.

«Биз ҳеч қандай газ иттифоқи бўйича музокаралар ўтказмадик, буни яна бир бор тасдиқлайман, – деди вазир, – биз икки томонлама суҳбатлар ўтказдик. Сиз яхши биласизки, мен тез-тез (Россияга – таҳр.) бориб тураман, шу қаторда шимоли-шарқни газлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга уринаман. Булар Россия Федерацияси билан икки томонлама муносабатлардир. Бу биринчидан.

Иккинчидан, Ўзбекистон билан алоқалар мавжуд, чунки биз Осиё газ қувурининг бир тизимига уланганмиз – биз билан боғланган бутун газ қувурлари тизимини тартибга солишга масъулмиз.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси билан газ масалалари бўйича ўз муносабатлари бор ва бунинг бизга дахли йўқ ва улар ушбу масалаларни ҳал қилишади.

Баъзида шундай саволлар туғиладики, уч томон ўтириб, гаплашиб олиши лозим. Аммо бу иттифоқ яратиш керак, дегани эмас».

Қосим-Жомарт Тўқаев ноябрь ойи охирида Москвага ташрифи чоғида «Уч томонлама газ иттифоқи»ни тузиш таклифини олганди. Президент матбуот котиби шундан сўнг ушбу масала юзасидан оқилона ечим топиш учун уч давлат экспертлари иштирокида батафсил музокаралар олиб бориш зарурлигини таъкидлади. Кейинроқ Қозоғистон ТИВ Москва ғоясини синчиклаб ўрганиш лозимлигини маълум қилди ва Қозоғистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтишга йўл қўймаслигини таъкидлади.

Куни кеча Ўзбекистон расмийлари бу ғоя ҳақида ўз фикрини билдирди. Бош вазир ўринбосари, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 7 декабрь куни Россия ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи» тузиш бўйича таклифлар ҳали олинмаганини айтди. У Ўзбекистон Россия билан умумий чегарага эга эмаслиги, Россия гази фақат Қозоғистондан транзит орқали келиши мумкинлигини эслатди. Демак, Тошкент Остона билан ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боради, лекин ҳеч қандай иттифоқ доирасида эмас.

«Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам (гап Россия газини ҳарид қилиш ҳақида – «Фарғона» изоҳи), фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз.Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.

Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз», — деди Мирзамаҳмудов.