Эрон суди эронлик собиқ футболчи Амир Наср-Азадонийни ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) полковниги Эсмоил Чариги ҳамда «Басиж» (ҳукуматпараст ҳартийлаштирилган ташкилот) нинг икки аъзосини ўлдиришда иштирок этгани учун ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда IranWire хабар берди.
26 ёшли футболчини кўплаб эронлик футболчилар, жумладан, Али Карими ва Меҳди Маҳдавикия каби эронлик футбол фахрийлари ҳимоя қилган. Спортчилар ҳукмни бекор қилишни талаб қилмоқдалар. Шу билан бирга, 2022 йили Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган Эрон терма жамоаси футболчи ва мураббийлари орасидан фақат дарвозабон Алиризо Бейранванд жазони ўзгартиришни талаб қилган постини эълон қилди, бунда ҳукм қилинган шахснинг исми кўрсатилмаган.
17 ноябрь куни мамлакат бўйлаб намойишлар чоғида ИИҚК полковниги ва «Басиж» аъзолари ўлдирилган. 20 ноябрь куни IRIB давлат телерадиокомпанияси қотилликда айбланаётган тўрт киши ҳибсга олингани акс этган видеони эълон қилган, бироқ айбланувчиларнинг исми ошкор этилмаган. Исмлар ижтимоий тармоқларда бироз кейинроқ пайдо бўлди, бошқалар қатори рўйхатда Амир Наср-Азадоний ҳам бор эди.
IranWire манбасининг айтишича, Наср Азадоний бир неча намойишларда қатнашган, бироқ у ҳеч қачон ИИҚК ва «Басиж» аъзолари ўлдирилган ҳудудда бўлмаган. Қолаверса, футболчининг намойишларда иштирок этиши қисқа муддатли бўлган ва шиорларни айтиб ҳайқириш билан чегараланган.
Наср-Азадоний яқинларидан бирининг сўзларига кўра, қўлга олинганидан кейинги дастлабки кунларда хавфсизлик кучлари футболчининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар сир сақланишини талаб қилиб, унинг оиласига таҳдид қилган. Спортчининг қариндошлари дастлаб унинг ҳибсга олингани, шунингдек, қотилликка алоқадорлик айби билан иш қўзғатилганини билишмаган, бироқ давлат адвокатининг маслаҳати билан (оилага хусусий адвокат ёллашга рухсат берилмаган), ҳукмни қайта кўриб чиқиш умидида сукут сақлашда давом этганлар.
Эронда сентябрь ойи ўрталаридан бери давом этаётган норозилик намойишларига асли курд миллатига мансуд 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлган. У Теҳроннинг ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб, ҳибсга олинганидан кейин вафот этган. Гувоҳларнинг айтишича, Амини хавфсизлик кучларининг шафқатсиз ҳаракатлари туфайли вафот этган.
HRANA агентлиги маълумотларига биноан 4 декабрь ҳолатига кўра, намойишларни шафқатсизларча бостириш натижасида 471 нафар тинч аҳоли, жумладан, 64 нафар вояга етмаганлар ҳалок бўлган, 18210 киши ҳибсга олинган. 8 декабрь куни 23 ёшли Моҳсен Шекари суд ҳукми билан қатл этилди. У норозилик намойишлари билан боғлиқ биринчи қатл этилган эронлик бўлди.
Амир Наср-Азадоний ўз фаолиятини Исфахоннинг «Сепахон» ёшлар жамоасида бошлаган. 2014 йили у Эрон Премер-лигаси жамоаси «Теҳрон Раҳ-Аҳан»га ўтди. 2016 йили Табризнинг «Трактор» клуби билан шартнома имзолаган. 2018 йили футболчи жиддий жароҳат олади ва бир йилдан сўнг «Трактор» билан хайрлашади. 2020 йили Наср-Азадоний биринчи лиганинг «Голрейхан» клуби билан шартнома имзолайди, бироқ яна жароҳат олиб, операцияни бошдан кечиради. 2021 йилнинг кузида у Эроннинг учинчи кучли дивизиони «Эронжавон» жамоасига қўшилади ва 2022 йил декабригача унинг таркибида бўлди. У Эрон ёшлар терма жамоасига таклиф қилинган.