Бош прокуратурадан Нукус воқеалари даврида қуролли кучлар томонидан содир этилган қонунбузарликларга ойдинлик киритиш сўралди

КОМИССИЯ МАЖЛИСИ. ЎНГДА - ФЕРУЗА ЭШМАТОВА. INDEPENDENT COMMISSION_UZ TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Нукусдаги тартибсизликлар бўйича суд жараёнида Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчиликни қизиқтирган масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Бу ҳақда 12 декабрь куни Қорақалпоғистондаги воқеаларни мустақил текшириш комиссияси маълум қилди.

Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида суд жараёнининг бориши, айбланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари таҳлил қилинди. Йиғилиш иштирокчилари уларни ўз текширувлари давомида тўпланган маълумотлар билан таққослаб, жамоатчиликни ташвишга солаётган ҳолатларга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат юборишга қарор қилди.

Мурожаатда таъкидланишича, тартибсизликлар пайтида 516 киши ҳибсга олингани хабар қилинган, бироқ суд жараёнида 22 нафар айбланувчига нисбатан иш кўрилмоқда.

Комиссия Бош прокуратурадан вақтинча ёпиқ муассасаларда сақланаётган ва маъмурий жавобгарликка тортилган бошқа фуқароларнинг тақдири ҳақида маълумот беришни сўради. Шунингдек, назорат органидан тартибсизликлар пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан куч ишлатиш борасида йўл қўйилган суиистеъмолчиликлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юз берган бўлса, бу ҳақда ҳам маълумот бериши кутилади.

«Суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан, бу хақда Мустақил комиссия томонидан жамоатчилик хабардор этилади», — дейилади комиссия хабарида.

15 июль куни Қорақалпоғистонда июль ойида содир бўлган воқеаларга ойдинлик киритиш мақсадида депутатлик комиссияси тузилди. Унинг таркибига 14 киши: мансабдор шахслар, депутатлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва экспертлар кирди. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова раҳбарлик қилмоқда. Комиссия ўз қарорини ҳали эълон қилмаган.

Бундан олдин 107 нафари айбланувчи Давлат раҳбарининг олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати ҳамда Комиссия саъй-ҳаракатлари натижасида ўз оиласи бағрига қайтарилгани хабар қилинганди.

28 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида жорий йилнинг июль ойи бошида содир бўлган Нукус воқеалари бўйича суд жараёни бошланди. Суд жараёнида 22 киши, жумладан журналист ва блогер Даулетмурат Тожимуратов, Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллихонова, фаол Азамат Турданов ва бошқаларнинг иши кўрилмоқда. Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 11 та моддаси бўйича айблов қўйилган. Жумладан, 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»), 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 164 («Босқинчилик») ва бошқалар.

Ноябр ойида Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеалари, жумладан, хавфсизлик кучлари ҳаракатлари юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирган эди. Унга кўра, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари намойишларни тарқатиб юбориш учун асоссиз равишда инсонни ўлдирадиган қуроллар ва бошқа кескин жавоб чораларини қўллаган. HRW воқеа иштирокчилари, гувоҳлари, ҳалок бўлган ва яраланган намойишчилар томонидан олинган воқеалар акс этган видео ва фотосуратларни текшириб, шундай хулосага келган.