АҚШ Қозоғистон банкларига «МИР» карталари билан ишлашга рухсат берди

kaztag.kz сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Қозоғистон банкларига «МИР» карталари ёрдамида ишлашга рухсат берди, дея хабар беради Қозоғистон молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги.

8 декабрь куни регуляторга йўллаган мактубида АҚШ агентлиги «МИР» тизими карталаридан жисмоний шахслар, яъни Россиядан Қозоғистонга «ўз тирикчилигини таъминловчи операцияларни амалга ошириш учун» кўчиб келган фуқароларнинг фойдаланишига эътирози йўқлигини тушунтирди. Шу билан бирга, ушбу тўлов тизими билан операциялар Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишнинг олдини олиш учун алоҳида назорат остида қолади.

Шундай қилиб, Қозоғистон банклари «МИР» карталари ёрдамида тўловларни, пул ўтказмаларини қабул қилиш, шунингдек, жисмоний шахслар учун банкоматлар орқали нақд пул бериш ҳуқуқига эга.

Регулятор ушбу тушунтиришларни маҳаллий банкларга етказди. Бироқ, улар Россия тизимига уланиш тўғрисида қарорни ўзлари «ривожланиш стратегиялари асосида» қабул қиладилар, дейилади хабарда.

Шу йил давомида Қозоғистоннинг бир қатор кредит ташкилотлари Россиянинг «МИР» тўлов тизими карталарини қабул қилишни тўхтатди. Улар орасида Банк ЦентерКредит ҳам бор эди. Ўтган кузда у Россия банклари санкцияларга тушиб қолгани сабабли ушбу карталар ёрдамида банкоматлари орқали нақд пул олиш имкониятини тўхтатиб қўйган эди. kapital.kz ёзганидек, энди кредит муассасаси «МИР» карталарини қабул қилади, лекин фақат санкциялар остида бўлмаган Россия банкларидан. Шу билан бирга, Halyk Bank (Қозоғистондаги энг йирик банк) март ойида улар бўйича операцияларни тўхтатди.

Bereke Bank (собиқ Сбербанк Қозоғистон) ва ВТБ Қозоғистон Россия тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни чекламаган.