Қозоғистондаги қорақалпоқ жамоат бирлашмалари вакиллари мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқ хат билан мурожаат қилди. Унда Қозоғистон ҳудудида этник қорақалпоқларга нисбатан «Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг сўрови ва бевосита иштирокида» таъқиб қилинаётганига эътибор қаратиш сўралган.
Жамоат арбобларига кўра, қўлга олинган беш нафар қорақалпоғистонлик фаолга қўйилган айбловлар асоссиз ва уларни инкор этиш осон. Улар мисол тариқасида ҳибсга олинганлардан бири, кардиолог Раиса Худайбергеновани тилга олишади. Аёл 55 ёшда, ногирон, тергов изоляторига бир неча бор тез ёрдам чақирилган.
Очиқ хат муаллифларининг ёзишича, Худайбергенова шу йилнинг 2 июлида Нукусда бўлиб ўтган намойишлар чоғида Қорақалпоғистон ҳудудида бўлганликда ва маст ҳолда YouTubeда Ўзбекистон давлат тузумини конституцияга зид равишда ўзгартиришга чақирувчи материаллар жойлаштирганликда айбланмоқда.
«Бу айбловларни Худайбергенованинг 2 июль куни Олмаота вилоятидаги тиббий клиникада қабул қилган беморлари, шунингдек, ишдаги кўплаб ҳамкасблари рад этиши мумкин. Қолаверса, Қозоғистон Республикаси МХҚ Чегара хизмати 2022 йил май ойидан буён Раиса Худайбергенованинг Қозоғистон чегарасини кесиб ўтмагани ва Қозоғистон ҳудудини тарк этмаганини бемалол текшириши мумкин», — дейди имзо чекувчилар.
Улар, шунингдек, кузда ҳибсга олинган яна тўрт нафар қорақалпоқ – Қўшқарбай Тўремуратов, Жангелди Жақсимбетов, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Йўлдошевага қўйилган айбловлар асоссиз эканига ишонадилар.
«Бундан ташқари, қўшни давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозоғистон фуқароси, Манғистау вилояти «Аллаяр йўли» Қозоғистон халқи ассамблеяси таркибидаги қорақалпоқлар маданий маркази раиси Ниетбай Ўразбоевни ҳибсга олиш тўғрисида Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига сўров юборган», — дейди Тўқаевга йўлланган очиқ хат муаллифлари.
Улар Қозоғистон президентидан 10 декабрь куни нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари куни арафасида юқорида санаб ўтилган қозоғистонлик қорақалпоқлар тақдирига эътибор қаратишни сўрайди.
«Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич, биз, қуйида имзо чеккан Қозоғистондаги қорақалпоқ этник-маданий марказлари раҳбарлари ва Қозоғистон халқи ассамблеяси аъзолари, сиздан ҳибсга олинган қорақалпоқ диаспораси фаолларига қочоқ мақомини беришни, шунингдек тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўйилган айбловларнинг асослилигини ўрганишни топширишингизни сўраймиз, токи уларга нисбатан ҳеч бўлмаганда уй қамоғи чораси қўллансин. Агар керак бўлса, биз расман рўйхатдан ўтган жамоат бирлашмалари ва қорақалпоқлар жамоаси номидан ҳибсга олинган беш нафар қорақалпоқнинг ҳар бирига кафолат беришга тайёрмиз», — дейилади мурожаатда.
(ОАВ хабарига кўра, 5 декабрь куни Ақтўбе вилояти бандлик ва ижтимоий дастурларни мувофиқлаштириш бошқармаси Йўлдошевага Қозоғистондан бошпана изловчи гувоҳномасини беришга қарор қилганини таъкидлаймиз).
Тўқаевга мактуб бешта жамоат бирлашмалари томонидан имзоланган: «Жайҳун» қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси (Остона), «Аму Жағаси» қорақалпоқ этномаданий маркази (Олмаота), «Эдил-Жайиқ» қорақалпоқ миллий маданият маркази (Атирау). Мангистау вилояти «Аллаяр йўли-Актау» қорақалпоқ этномаданий бирлашмаси (Актау), «Eren El» (Олмаота).
Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Воқеа жойида 516 киши қўлга олинган, уларнинг аксарияти маъмурий жазога тортилган ва қўйиб юборилган. Ноябрь ойи охирида Бухорода Нукусдаги тартибсизликлар бўйича суд жараёни бошланди.