Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси Сирдарё вилоятида қуввати 450 МВт газ поршенли электр станциясини қуради. Бу ҳақда вилоят ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.
7 декабрь куни компания раҳбари Ахмед Ченгиз Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажурувчиси Акмалжон Маҳмудалиев билан ИЭС қурилиши масаласини муҳокама қилди. Учрашувда Cengiz Enerji компаниясининг аввалги лойиҳаси – Ховос туманидаги 220 МВт қувватга эга иссиқлик электр станцияси муваффақиятли бўлгани, электр станцияси жорий йилнинг декабрь ойи охиригача тўлиқ қувватда ишга туширилиши таъкидланди.
Режалаштирилган иссиқлик электр станциясининг қуввати 450 МВт бўлиб, қурилиши 300 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида қурилиш ишларига 800-900 нафар маҳаллий ишчи жалб этилади, иссиқлик электр станцияси ишга туширилгандан сўнг 120 киши доимий иш билан таъминланади.
Янги иссиқлик электр станцияси Cengiz Enerji компаниясининг Ўзбекистондаги учинчи лойиҳаси бўлади. Иккинчиси, Ховос туманидаги юқорида тилга олинган ИЭС бўлиб, режага кўра йилига 1,7 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Биринчи лойиҳа — Тошкент вилояти Қибрай туманида жорий йилнинг март ойида ишга туширилган иссиқлик электр станцияси бўлди. Унинг қуввати 240 МВт бўлиб, йилига 2 миллиард кВт/соат энергия ишлаб чиқаради.
Ўзбекистон ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 85 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. 2030 йилга келиб «яшил» иқтисодиётга ўтиш доирасида уларнинг улуши 58,5 фоизгача камайиши керак. «Яшил» иқтисодиёт 2030 йилга келиб умумий қуввати 6,7 ГВт бўлган замонавий Қуёш ва шамол электр станцияларини қуришни назарда тутади.