«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Афғонистон шимолидаги Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли оператори Ўзбекистон эмас, балки Қозоғистон компанияси бўлиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Тегишли хабар темир йўл компанияси сайтида пайдо бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 5 декабрь куни Афғонистон телеканали мамлакат темир йўллари бошқармаси бошлиғи Бахт-Раҳмон Шарофатнинг баёнотига таяниб, ушбу темир йўл бошқаруви «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган «Сўғдиёна-Транс» компаниясидан Қозоғистоннинг Mansour Fatih компаниясига ўтгани ҳақида хабар берганди.
«Жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Афғонистон темир йўл бошқармаси вакиллари ўртасида 2023 йилга мўлжалланган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темир йўл участкасидан фойдаланиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди…Музокаралар якунида Афғонистон ҳудудидаги темир йўлларга хизмат кўрсатиш (эксплуатация)да иштирок этиш учун афғонистонлик маҳаллий техник ходимларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича амалдаги шартномани узайтириш ва йўл харитасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди»,— дейилади хабарда.