Ўзбекистонга Россия ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи» бўйича таклифлар ҳали келиб тушмаган. Бу ҳақда Бош вазирнинг ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Kun.uzга берган интервьюсида маълум қилди.
Энергетика вазирлиги раҳбари Ўзбекистоннинг Россия билан умумий чегараси йўқлигини, Россия гази фақат Қозоғистон орқали транзит орқали келиши мумкинлигини эслатди. Тошкент Остона билан музокаралар олиб боради, лекин ҳеч қандай иттифоқ доирасида эмас.
«Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам (гап Россия газини ҳарид қилиш ҳақида – «Фарғона» изоҳи), фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз.
Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.
Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз», — деди Мирзамаҳмудов.
Вазир газ тафовути фақатгина совуқ қишки мавсумда бўлишини таъкидлади.
«Қолган пайтлар тўлиқ таъминлаймиз. Шунинг учун қолган чораларни кўрамиз, қўшимча инвестиция киритамиз, энергия тежамкорликка олиб борамиз, газдан ташқари муқобил энергия – кўмирда ишлай оладиган тармоқларни максимал равишда кўмирга ўтказамиз, алтернатив энергетикани интенсив ривожлантирамиз», — деди вазир энергия ресурслари тақчиллигини ҳал қилиш борасида.
Россия раҳбариятининг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини яратиш режалари 28 ноябрь куни маълум бўлди. Бу таклифни Россия президенти Владимир Путин қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашувда билдирган ва бу борада Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилишини маълум қилган. Путин ва Мирзиёев ўртасида 30 ноябрь куни телефон суҳбати бўлиб ўтган, бироқ президентлар матбуот хизматларининг маълумотига кўра, суҳбат давомида газ иттифоқи мавзуси кўтарилмаган.