Қирғизистон Туркманистондан транзит тўловларини бекор қилиш ва виза беришни соддалаштиришни сўради

mtd.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев Туркманистонга ташрифи чоғида туркманистонлик ҳамкасблари билан Каспий денгизи орқали Россияга янги халқаро мультимодал йўлак очиш масаласини муҳокама қилди, шунингдек, ушбу йўл орқали транзит учун тўловларни бекор қилиш, қирғиз юк ташувчилари учун визалар берилишини соддалаштириш масалаларини кўриб чиқишни сўради. Бу ҳақда Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.

«Туркман денгиз ва дарё йўллари» агентлиги раиси Аннадурди Косаев билан суҳбат чоғида Текебаев «Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон (Туркманбоши порти) – Россия (Астрахан порти)» муқобил мультимодал йўналишини ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади. Юкларни Ўзбекистон-Туркманистон чегарасигача юк машиналарида олиб ўтиш, у ерда уни поездларга қайта юклаш ва Туркманбоши портига олиб бориш мумкин.

Косаев, ўз навбатида, Туркманистон ушбу йўналиш бўйлаб транзит юк ташиш учун порт хизматлари учун имтиёзли тарифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, у ҳозирда Боку портига юк ташувчи иккита паром борлигини, шунинг учун улардан мультимодал йўналишда фойдаланиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Ўз навбатида Текебаев Россия паромларни беришга тайёрлигини айтди.

Туркманистон Транспорт ва алоқа агентлиги бош директори Мамметхан Чакиев билан музокаралар чоғида кўтарилган транзит тўловларини бекор қилиш ва Қирғизистон ташувчилари учун виза беришни соддалаштириш масалаларига Текебаев Қирғизистон ҳудудида туркман ҳайдовчиларидан транзит учун йиғим ундирилмаслигини қўшимча қилди. Чакиевнинг қайд этишича, транзит тўловини бекор қилиш масаласи паритет асосда кўриб чиқилади, бироқ виза режимига келсак, бу Транспорт ва алоқа агентлиги ваколатидан ташқарида.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди