5 декабрь куни Ўзбекистондан Литвага биринчи контейнер поезди жўнаб кетди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Юк поезди Тошкентнинг Сергели станциясидан чиқиб, Клайпедадаги Драугисте бекати томон йўл олди.
Минерал ўғитлар ортилган 80 дона 20 футлик контейнерлик 31 та фитинг платформадан иборат юк поезди Қозоғистон, Россия ва Беларусни кесиб ўтиши керак бўлади. Маршрутнинг умумий узунлиги 4600 км дан ортиқ.
«Ўзтемирйўлконтейнер» компанияси янги йўлак бўйлаб мунтазам юк ташиш ўз маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатлари орқали Европага етказиб бериш истагида бўлган ўзбекистонлик экспортёрлар томонидан талабгор бўлишига умид билдирди.
Аввалроқ, август ойида Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигидаги делегация Литвада бўлган эди. Литва Транспорт вазири Мариус Скуодис билан музокаралар чоғида транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, юк ташишда ўзаро чегирмалар тақдим этиш, миллий ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинган эди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа томон экспорт йўналишларини диверсификация қилишга қаратилган ҳамкорликнинг янги механизмларини биргаликда ишлаб чиқишни бошлашга келишиб олдилар.
Вилнюс Савдо-саноат ва ҳунармандчилик палатаси (ВВПАР) вице-президенти Таутгинас Санкаускаснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Литва учун ниҳоятда жозибадор ҳамкор ҳисобланади, чунки у Европада талабга эга бўлган бир қатор товарларни ишлаб чиқаради ва Литва уни бошқа мамлакатларга импорт қилиши ёки етказиб бериши мумкин. Булар, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуритилган мевалар, керамик плиткалар, қурилиш қоришмалари, Ўзбекистон автомобиль саноатида ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмлар, ўғитлар, металлургия маҳсулотлари.
Литва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Литва Ўзбекистон импортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар ўнталигига киради. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга ушбу мамлакатдан 334,4 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинган бўлиб, улар орасида электромобиллар, кондиционерлар, балиқ, парранда гўшти, сут маҳсулотлари ва бошқа товарлар бўлган.